Валюта биржасида савдо вақти узайтирилади
10 августдан валюта савдолари соат 17:00 гача давом этади.
Ўзбекистонда валюта бозори фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган навбатдаги ўзгаришлар кучга кирмоқда. Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил 10 августдан бошлаб Ўзбекистон валюта биржасида савдо сессиялари узайтирилади.
Янги тартибга мувофиқ, ҳар бир банк иш кунида валюта биржасидаги савдолар соат 10:00 дан 17:00 гача амалга оширилади. Ҳозирги тартибда эса савдо сессиялари соат 15:00 гача давом этмоқда.
Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — расмий валюта курсини ҳисоблаш механизми билан боғлиқ. 10 августдан бошлаб расмий валюта курси валюта биржаси ҳамда биржадан ташқари банклараро валюта бозорида амалга оширилган битимларнинг ўртача тортилган қиймати асосида ҳисобланади.
Марказий банк томонидан ҳисобланган расмий валюта курси 17:30 да эълон қилинади. Бу ўзгариш валюта бозоридаги реал операциялар ва бозор иштирокчиларининг талаб-таклифини расмий курс шаклланишида янада кенгроқ акс эттиришга қаратилган.
Марказий банкнинг тушунтиришича, хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан алмашув курси маъмурий тарзда белгиланмайди. Яъни, курс валюта биржаси ва биржадан ташқари банклараро валюта бозоридаги талаб ва таклиф асосида амалга оширилган битимлар натижасида шаклланади. Шу нуқтаи назардан, савдо сессияларининг узайтирилиши бозор иштирокчиларига валюта операцияларини амалга ошириш учун кўпроқ вақт тақдим этади ҳамда валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг курс шаклланишида акс этиш имкониятини кенгайтиради.
Валюта биржасида савдо сессияларини узайтириш ва расмий валюта курсини ҳисоблаш бўйича мазкур ўзгаришлар 2026 йил 10 августдан кучга киради. Шу тариқа, валюта бозорида савдо вақтининг узайтирилиши ва курсни шакллантиришда бозордаги битимлар ҳажмининг янада кенг қамраб олиниши валюта бозори механизмларини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА