Аграр ислоҳотларнинг янги босқичи
Қишлоқ хўжалигини замонавий илм-фан, инновация ва бозор талаблари асосида ривожлантириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда фермерлар даромадини ошириш Янги Ўзбекистон аграр сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу борада жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини ўрганиш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бухоро вилоятида бўлди.
Илк манзил Вобкент туманидаги Имом Қозихон ҳудудида жойлашган “Нуриддин Мурод” фермер хўжалиги бўлди. Бу ерда етиштирилаётган жут экини майдонлари кўздан кечирилиб, экиннинг агротехник парвариши, ўсиш жараёни, ҳосилдорлик имкониятлари ҳамда уни вилоят шароитида кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Айниқса, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган жут каби экспортбоп экинларни маҳаллий шароитда етиштириш имкониятлари, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва фермерлар учун қўшимча даромад манбаи яратишдаги аҳамияти муҳокамалар марказида бўлди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов фермерлар ва соҳа мутахассислари билан мулоқот чоғида экин турларини диверсификация қилиш, ҳар бир гектар ердан юқори самара олиш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда илғор агротехнологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалигида янги ва истиқболли экин турларини жорий этиш нафақат маҳсулот турларини кўпайтириш, балки ер унумдорлигини сақлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аграр соҳанинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ишчи гуруҳ Вобкент туманидаги Ином Наимов номидаги уруғлик дон тайёрлаш цехи фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда келгуси йил ҳосили учун асос бўладиган юқори сифатли уруғликларни тайёрлаш, саралаш ва сақлаш жараёнлари атрофлича ўрганилди.
Танишув давомида уруғлик донни тўғри сақлаш, унинг физиологик тиндирув даврини тўлиқ ўташи учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳар бир навнинг генетик ва навдорлик хусусиятларини сақлаб қолиш мақсадида уларни алоҳида жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вазир таъкидлаганидек, эртанги ҳосилнинг тақдири айнан бугунги уруғчилик ишларининг сифатига боғлиқ. Шунинг учун уруғчилик тизимидаги ҳар бир босқич — қабул қилиш, саралаш, дорилаш, сақлаш ва назорат жараёнлари илмий ёндашув ҳамда юқори масъулият асосида ташкил этилиши лозим.
Шунингдек, соҳа мутахассислари билан юқори репродукцияли уруғликлар тайёрлаш, уларни сақлаш технологияларини янада такомиллаштириш, уруғлик сифати устидан доимий мониторинг ўрнатиш ва агротехник талабларга қатъий риоя қилиш юзасидан фикр алмашилди. Мутасаддиларга бу борада аниқ вазифалар ва амалий кўрсатмалар берилди.

Таъкидланганидек, сифатли уруғлик захирасини шакллантириш фақатгина юқори ҳосилдорликка эришишнинг эмас, балки мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фермерлар даромадини кўпайтириш ва аграр иқтисодиёт барқарорлигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Бухорода кечаётган мазкур ўрганишлар яна бир ҳақиқатни яққол намоён этмоқда: бугунги аграр ислоҳотлар фақат майдонларни кенгайтириш ёки ҳосил миқдорини ошириш билан чекланмайди. Улар илм-фан, инновация, замонавий технология ва самарали бошқарувни уйғунлаштирган ҳолда қишлоқ хўжалигини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда. Бу ташрифлар натижасида белгиланаётган устувор вазифалар ва берилаётган амалий тавсиялар соҳани янада ривожлантириш, фермерлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири