“Узумзор” – Қўқоннинг обод манзили
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қўқон шаҳридаги «Узумзор» МФЙ «Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла» мезони асосида амалга оширилган кенг қамровли янгиланишлар туфайли қисқа вақт ичида ғоятда файзли, замонавий манзилга айланди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сектор раҳбарлари билан мазкур маҳаллада бўлиб, бу ердаги қатор объектларнинг очилиш тадбирида иштирок этди.
[gallery-19236]
Янги барпо этилган маҳалла биносининг очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоянинг амалий тасдиғини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти мисолида кўриб турганини таъкидлади. Ушбу маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлидаги ислоҳотларга яна бир яққол мисол эканини айтиб, узумзорликларни янги иншоотлар билан табриклади.
3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган “Узумзор” кўп қаватли уйлар таъмирланди, электр, табиий газ таъминоти янада яхшиланди. Янги маҳалла биносидан ташқари тиббиёт пункти хизмат кўрсатиш мажмуалари ва кутубхона, маҳалла сервис компанияси ташкил қилинди.
Меҳмонлар маҳалла биноси, тикувчилик цехи, сервис компанияси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тадбир санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан янада файзли кечди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),
ЎзА фотомухбири