Узоқ йиллик орзу амалга ошди
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўқишни янги бинода бошлашади.
–Мактабимизнинг аввалги биноси 1184 ўринга мўлжалланган бўлиб, иккита ўқув биноси 1971-1978 йилларда қурилган. Яна бир ўқув бино 1991 йилда ёғочдан қурилган. Айни пайтда анча эскириб қолган эди, – дейди Вобкент туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори Ғолиб Омонов. – Жорий йилда инвестиция дастури доирасида таълим муассасамизнинг 764 ўринли иккита блоги капитал таъмирланди. Эски ёғоч бино ўрнига 300 ўринли янги бино қад ростлади. Айни пайтда қурилиш-таъмирлаш жараёнларининг сўнгги босқичлари олиб борилмоқда.


9 миллиард 170 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш жараёнлари натижасида мактаб тамоман янгича қиёфа эга бўлди. Очиғи, жамоа бундай кўркам ва замонавий мактабни узоқ йиллардан буён орзу қилган. Мана, мустақиллигимизнинг 32 йиллиги олдидан уларнинг орзуси ушалди.
Замонавий дизайн асосида безатилган кенг ва шинам синф хоналари, фан кабинетлари, ранг-баранг адабиётлар билан бойитилган кутубхона, спорт зал, лаборатория хоналари – буларнинг барчаси ўқувчилар ихтиёрида.



Янги ўқув йилида мактабнинг 1-синфига 114 нафар болажонлар илк қадам қўяди. Уларни замонавий жиҳозланган синф хоналарида “Президент совғалари” кутмоқда.
Мактабда тайёргарлик байрамона. Албатта, ҳар бир берилаётган имконият ортида масъулият, жавобгарлик туради. Жамоа ана шу масъулиятни англаган ҳолда янги ўқув йилида янгича шижоат билан янги марраларни кўзлаган.
Зариф Комилов, ЎзА