Ҳужжатлар рақамлаштирилмоқда
Мазкур ҳужжатда Давлат хизматлари агентлиги, хусусан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолиятини давр талаби даражасида такомиллаштириш бўйича ҳам алоҳида вазифалар белгиланди.
Президентимизнинг жорий йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Мазкур ҳужжатда Давлат хизматлари агентлиги, хусусан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолиятини давр талаби даражасида такомиллаштириш бўйича ҳам алоҳида вазифалар белгиланди.
Бу ҳақда Наманган вилояти Давлат хизматлари бошқармасининг бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов қуйидагиларни гапириб берди:
– Инсон туғилганидан бошлаб то умрининг охиригача фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига кўплаб марта мурожаат қилади: туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, ўлим ҳақида маълумотнома, никоҳ тузилганлик ёки никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар шу муассаса томонидан расмийлаштирилади. Мухтасар айтганда, бу муассасада умрбодлик сақланадиган ҳужжатлар хазинаси тўпланади. Уларни тартибга солиш, сифатли сақлаш, фуқаролар мурожаатларига кўра керакли пайтда тезкорлик билан қидириб топиш, нусха кўчириб бериш бўлим архиви олдига қўйилган асосий вазифалардан биридир.
Бу борада ахборот коммуникация технологоиялари ривожланган ҳозирги даврда имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда ҳар бир берилаётган ҳужжат электрон архив базасига киритиб борилади. Бу эса келгусида фуқароларнинг ФҲДЁ архивидан маълумотларни тезкорлик билан электрон тарзда олиш имкониятини беради.
Давлат хизматлари Агентликнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан зарурий техника воситалари билан таъминлангани ҳамда қулай иш шароитлари яратилгани архивариусларнинг иш сифати ва унумдорлигида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ходимларни ўз ишига масъулият билан ёндашуви, меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиши, маълумотларнинг электрон базага хатосиз киритилишини рағбатлантириш мақсадида ҳар ой ходимлар ўртасида ўтказиб келинаётган “Ойнинг энг яхши архивариуси” танлови ҳам яхши натижа бераяпти. Мазкур танлов ғолиби ойнинг охирги ҳафтасида аниқланиб, у бошқарманинг дипломи ва эсдалик совғаси билан тақдирланаётгани тизимда масъулият ва ишга муносабатдаги ижобий ўзгаришларда ўз ифодасини топаяпти.
Энди эса ҳужжатларни рақамлаштириш фуқароларнинг вақтини тежаш ва бир ҳужжат ортидан турли идоралар эшиги олдида навбатда туриш муаммоларига чек қўйиш йўлидаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди. Тасаввур қилиб кўринг, авваллари бирор бир ҳужжатни ўзингизга қарашли ФҲДЁ бўлимидан олишингиз учун қанча вақт сарф этиларди. Устига-устак ортиқча қоғозбозликка олиб келарди. Рақамлаштириш тизимига ўтилаётгани кўплаб фуқароларнинг сарсон бўлишини олдини олса, идоралараро ахборот алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, давлат идоралари кўп маълумотларни инсон омилисиз олиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун эса, албатта, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириб, ФҲДЁ соҳасидаги ҳужжатларни тезлаштирган ҳолда электрон шаклга келтириш даркор.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори мазкур соҳани янада ривожлантиришга дастурил амал бўлиб хизмат қилади. Қарорда 2021 йилнинг 1 январига қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантириш, шунингдек, 2020 йил 1 сентябрга қадар ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатларнинг электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун зарур бўладиган қўшимча ходимларни вақтинча ишга жалб этиш ва уларни жойлаштириш чораларини кўриш, зарур компьютер ва бошқа оргтехника воситаларини харид қилиш вазифалари белгиланди. Бу мақсадларга давлат бюджетидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Бу ФҲДЁ соҳаси фаолиятида тезкорликни таъминлаш, пироварида фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишда катта аҳамият касб этади.
Бугунги кунда вилоятдаги шаҳар ва туман ФҲДЁ бўлимларида сақланаётган мавжуд 4,5 миллионга яқин далолатнома ёзувларидан 2,5 миллиондан кўпроғи ёки 58 фоизи “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилишига эришилди.