Қуёшни кўтариб юрган инсонлар
Ҳар йили баҳорда фермер умид билан ер ҳайдайди, она заминнинг иссиқ қучоғига авайлаб уруғ қадайди.
Ҳар йили баҳорда фермер умид билан ер ҳайдайди, она заминнинг иссиқ қучоғига авайлаб уруғ қадайди. Эгатлар оралаб, элнинг ризқ-насибаси бутун бўлишини тилаб меҳнат қилади.
Мамлакатимиздаги илғор фермерлар ва фермер хўжаликлари аъзолари – улар замонамиз қаҳрамонлари сафига қўшиш мумкин бўлган юрт фидойилари. Фарғона вилоятида ҳам катта тажрибага эга, эл-юрт орасида ҳурмат топган фермерлар кўплаб топилади.
Учкўприк тумани “Ғиждон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “МХ дон тараққиёт” фермер хўжалиги раҳбари Мирзоҳид Нишонов ана шундай деҳқонлардан. Унинг ота-боболари бир умр деҳқончилик касбини ардоқлаб ўтган. Раҳматли отаси ҳам Ғиждоннинг энг миришкор деҳқонларидан эди. Ҳамқишлоқлар ҳазиломуз оҳангда “Бу инсон қуёшни елкасида кўтариб юрарди. Бир умр қора терга ботиб, қўли қадоқ бўлиб ўтди” дея эслашади. Бу бежиз эмас, албатта.
Бу оилада улғайган тўрт ўғилнинг барчаси ақл-ҳушини шу далаларда таниди. Зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сувли ариқлар бўйини ялпиз ифори тутганда, саратон қуёши бутун борлиқни жизғанак қилиб куйдирганда, осмонни қоплаган пастак булутлар подаси мағрибдан машриққа оҳиста сузиб ўтадиган кеч кузакда, қаҳратон қиш кунлари дала уватида олов ёқиб ором оладиган паллада, хуллас, йилнинг тўрт фаслида ҳам бирда қувончли, бирда машаққатининг чеки йўқ шу далалар қоракўз болаларнинг ҳаёти мазмунига айланганди.
Отаси болаларига “Деҳқоннинг топгани она сутидек ҳалол“ дерди. Ерга меҳр берган одам асло кам бўлмаслигини уқтирарди. Ҳозирги кунда тўрт ўғилнинг барчаси фермерлик фаолияти орқали оила фаровонлигини таъминламоқда.
2005 йили ташкил топган “МХ дон тараққиёт” фермер хўжалиги асосан уруғлик пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган. Ўтган йиллар мобайнида фермер хўжалигининг иқтисодий салоҳияти тобора яхшиланиб, шинам дала шийпони барпо этилди. Хўжалик аъзолари учун мўъжазгина боғ ташкил этилиб, дала қозони учун зарур бўладиган барча мева-сабзавотларни тўлиқ ўзларида етиштириш имконига эга бўлишди.
Кўп тармоқли фермер хўжалиги мақомига эришиш учун кейинги йилларда иссиқхона барпо этилди ва эрта кўкламдан тортиб кеч кузгача харидоргир маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилмоқда. Айни пайтда тажриба тариқасида фермер хўжалиги қошида наслли чорва молларини боқиш фаолияти ривожлантирилаяпти. Гўшт ва сут етиштириш соҳасида Германия, Нидерландия, Австрия каби Европа мамлакатлари, МДҲ давлатлари ва республикамизнинг илғор фермерлари тажрибаси ўрганилмоқда.
– Гапнинг очиғи, бундан ўн йиллар аввал ҳам Америка ёки Европа мамлакатлари фермерлари эришаётган оламшумул ютуқлар биз учун бир умр ушалмас орзудек туюлар эди, – дейди фермер Мирзоҳид Нишонов. – Аммо ўтган қисқа давр ичида бу орзулар айни ҳаётий ҳақиқатга айланди. Агар ёдингизда бўлса, истиқлолнинг дастлабки йиллари нидерландиялик битта фермер ўз даромади орқали бир йилда юзта ҳамюртини боқиши мумкин, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинарди. Бугун фермерларимизнинг иқтисодий салоҳияти дунёдаги энг ривожланган давлатлар фермерлариникидан ҳеч ҳам кам эмас.
“МХ дон тараққиёт” фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда 33,2 гектар ерда “С-6524” уруғлик пахта навини парваришлаган эди. Фермер хўжалиги ва бу йил туманда ўз фаолиятини бошлаган “Real Trans Logistic” пахтачилик-тўқимачилик кластери ўртасида тузилган шартнома асосида барча агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли бажарилиши таъминланди. Янгича ёндашув, амалий тажрибани илм-фан ютуқлари билан ўзаро мувофиқлаштириш, соҳага инновацион ғояларни кенг жорий этиш дастлабки йилдаёқ ўз самарасини кўрсатди. Ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик 40 центнерга етказилиб, белгиланган шартнома режаси 125 фоизга бажарилди. Шу кунларда кейинги йил ҳосили учун 35,4 гектар ерда “Замин” навли уруғлик буғдойни бир текис ундириб олган фермер жорий йилги ғалла ва пахта ҳосилидан 500 миллион сўм фойда олди.
Фермер хўжалиги раҳбари Мирзоҳид Нишонов наслли чорва истиқболини астойдил ўрганиб, бу борада катта тажрибага эга фермерлар кўмагида ўз бизнес-режасини ишлаб чиқди. Яқин келажакда мазкур йўналиш фермер хўжалигининг энг сердаромад тармоғига айланиши мумкин. Фермернинг қайд этишича, катта маблағ эвазига хориждан олиб келинаётган наслли молларни маҳаллий шароитга тўлиқ мослаштириб, шу ернинг ўзида насл олиш тажрибасини илмий асосда кенгайтириш лозим. Бунинг учун илмий салоҳиятимиз етарли. Бу борада олимларимиз ва фермерлар муштарак мақсад йўлида ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Ўз навбатида соҳа ривожи учун қулай муҳит яратилса, юртимизда нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади, балки аҳоли кўп истеъмол қиладиган сут ва гўшт маҳсулотлари арзон бўлади. Энг муҳими, бу борадаги экспорт имкониятлари яхшиланади. Янги иш ўринлари яратилади, чорвачилик инфратузилмаси бугунги кун талаблари асосида ривожланади.
Бу йил Фарғона вилояти мамлакатимизда биринчи бўлиб давлатга пахта топшириш режасини бажарди. Бу муваффақиятда Учкўприк тумани фермерларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Уруғлик пахта ва буғдой ҳосили етиштираётган “МХ дон тараққиёт” каби фермер хўжаликларининг бу борадаги ҳиссаси алоҳида эътироф лойиқ. Боиси ҳосил тақдири биринчи навбатда сифатли уруғга боғлиқ. Бундай масъулиятли вазифа ҳар қандай фермер хўжалигига ҳам ишониб топширилмайди. Ишончга сазовор бўлиш учун эса узоқ йиллик самара, иқтисодий салоҳият, моддий-техника таъминоти сингари жиҳатларга жиддий эътибор қаратилади. Чунки бу шунчаки деҳқончилик юмушининг ўзи эмас. Ҳаётий ва амалий тажриба билан бирга илмий ёндашув ҳам керак.
Кўз илғамас олис шуълаларга сингиб кетгандек таассурот уйғотувчи, икки чети мевали дарахтлар, аскарлардек бир сафда тизилган марварид тутлар билан ўралган узун дала йўлида орзулардек оппоқ “Ласетти” автомашинаси келиб тўхтайди. Машинадан тушиб келган фермер Мирзоҳид Нишонов эски қадрдонлардек самимий кўришади. Бир пиёла кўк чой устидаги мароқли суҳбат асносида фермернинг бир қарашда киборли, аммо жайдари, оддий ва самимий қалбини кашф этгандек бўламиз.
– Халқимизнинг ҳикматли ибораси бор, келиш меҳмондан, кетишга изн бериш мезбондан, – дейди у бизнинг кетиш тараддудига тушганимизни кўргач майин жилмайиб. – Деҳқонда ҳеч қачон таътил бўлмайди. Бу йил биз учун ҳам самарали кечмоқда. Режага қўшимча 30 тонна пахта топширдик.
Анчадан буён қўмсаб, соғиниб юрган оромижон суҳбатдан баҳраманд бўлдик. Фермер хўжалиги механизатори, сувчилари, аъзолари мавсум юмушлари билан боғлиқ бир-биридан қизиқарли воқеаларни айтиб беришди. Фермернинг яхши фазилатлари эсга олинди.
Бу оддий бир фермер хўжалигининг кундалик фаолияти билан боғлиқ ёқимли таассуротлар эди. Эзгу ниятлар, ҳалол меҳнат, эртанги кун умиди билан боғлиқ бу каби минглаб, миллионлаб орзулар жамулжам бўлиб, жондан азиз она Ватанимизга файз ва барака нурларини ёғдираётган бўлса, не ажаб!