Қутқарувчининг иши унинг ватан олдидаги шарафли бурчидир
Академия меҳмонлари учун фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда фойдаланиладиган энг замонавий техник воситалар ва ускуналар кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28-йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимиз ФВВ академиясида анъанавий очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Унда академия меҳмонлари қутқарувчилар фаолиятида қўлланиладиган техника ва ускуналар билан танишди.
Ҳар йили ўтказиладиган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси ФВВ ходимлари, қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар, шунингдек, пойтахтимизнинг Сергели туманидаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда таҳсил олаётган 400 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди.
Академия меҳмонлари учун фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда фойдаланиладиган энг замонавий техник воситалар ва ускуналар кўргазмаси ташкил этилди. Шу билан бирга тадбир қатнашчиларига қутқарувчиларнинг юксак даражадаги касбий ва жисмоний тайёргарлиги ҳам намойиш этилди.
Тадбирда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай пайтда тўғри ҳаракат қилиш бўйича давлат тизими кўп жиҳатдан ходимларнинг чуқур билими, жисмоний ва руҳий тайёргарлигига боғлиқ экани қайд этилди. Кўпинча инновацион авария-қутқарув ускуналари ҳам юксак малакали қутқарувчининг тажрибаси, эгаллаган билим ва кўникмалари, ички ҳиссиётларининг ўрнини босолмайди. Шу боис, барча қутқарув отрядларини қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда, улар замонавий махсус автомобиль техникаси, авария-қутқарув ускуналари ва мосламалари билан таъминланмоқда.
Мамлакатимизда қутқарувчиларни тайёрлашнинг самарали тизими мавжуд бўлиб, аксарият машғулотлар реал ҳаётдагига имкон қадар яқин шароитларда олиб борилади. Бу муҳим аҳамиятга эга. Чунки, инсоннинг кескин ўзгаришлар ҳолатида ўзини қандай тутишини олдиндан башорат қилиш анча мураккаб. Салбий омилларга қарши вазмин ва тўғри ҳаракат қилишни ўрганиш мақсадида ФВВ ходимлари махсус тренинглардан ўтади. Тайёргарлик жараёнида улар ўт балоси олдидаги қўрқувни енгишдан тортиб, бошқа хатти-ҳаракатларни автоматлашган тарзда бажаришни ўрганади, уларнинг кўпчилиги ҳатто инсоннинг табиий сезгиларига қарши боради.
Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси ФВВ мутахассислари зилзила жараёнида шартли жабрланганларни топиш ва қутқариш бўйича қўшма машғулотларда иштирок этди. Бу машғулотлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар идоралари раҳбарларининг ўнинчи мажлиси доирасида Нью-Деҳли (Ҳиндистон) шаҳрида ташкил этилган бўлиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича сценарийларни машқ қилишга йўналтирилган эди.
Машғулотларда мамлакатимиз вакилларидан ташқари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Ҳиндистон ва Покистондан ҳам қутқарувчилар иштирок этди. Бу фавқулодда вазиятларда халқаро ёрдамни қабул қилиш, мувофиқлаштириш ва ундан фойдаланиш бўйича бошқарув механизмларини ишлаб чиқиш имконини берди.
Тадбир якунида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчиларининг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш қоидаларига оид билимларини текшириш мақсадида викторина ташкил этилди.