Қутқарув хизмати – довондаги халоскорлар
Буюк ипак йўлининг асосий қисми ҳисобланган “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган халқаро автомобиль йўли республикамизни нафақат хориж билан боғлайди, балки мамлакатимиз учун муҳим сиёсий-иқтисодий аҳамият касб этади.
Буюк ипак йўлининг асосий қисми ҳисобланган “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган халқаро автомобиль йўли республикамизни нафақат хориж билан боғлайди, балки мамлакатимиз учун муҳим сиёсий-иқтисодий аҳамият касб этади.
“Қамчиқ” довонининг автомобиль йўли Марказий Осиё давлатлари ичида энг узунларидан бири. Бу йўлдан Фарғона водийсининг учта вилоятидан ташқари, хориждан келган йўловчи-сайёҳларнинг ҳам қадами узилмайди. Довон йўлининг тўрт фаслда ҳам серқатновлиги ҳам шундан.
Бироқ қиш мавсуми бошланиши билан, “Қамчиқ” довонига қалин қор ёғиши, йўлларининг музлаши, ён-атрофнинг қуюқ туман билан қоплаши, қор кўчкилари рўй бериши ва бошқа табиий офатларнинг кутилиши эҳтимолдан холи эмас.
Қиш фасли давом этаётган бўлса ҳам автомагистраль йўналиши бўйлаб, бир кеча-кундузда ўн беш мингдан йигирма мингтага яқин турли хил русумдаги транспорт воситаларининг қатнови кузатилмоқда. Ёзги мавсумда бу рақам янада кўпайиши табиий.
Довонда юз бериш эҳтимоли бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, қутқарув хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида довоннинг энг баланд қисмида “Қамчиқ” қидирув-қутқарув отряди (ҳозир “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси) ташкил этилган эди. Салкам йигирма йилдирки, техноген авариялардан ташқари ер ва қор кўчки ҳодисалари ҳам бир неча бор кузатилган бўлса-да, у қадар йирик ҳалокатларга йўл қўйилмади.
Довондаги довюрак қутқарувчилар вақти-вақти билан қўмондонлик-штаб ҳамда махсус-тактик тайёргарлик ўқув машғулотларида фаол иштирок этиб, ўзларининг маҳоратларини амалда синаб кўрмоқдалар. Машқ шартига кўра, зудлик билан воқеа жойига етиб келган қутқарув гуруҳи қор кўчкиси босиб қолиши оқибатида машина ичида қолиб, жароҳат олган йўловчиларга биринчи навбатда қутқарув хизмати кўрсатилади. Зудлик билан тез ёрдам машиналарига жойлаштириб, яқин атрофдаги тиббиёт масканларига жўнатиш амаллари бажарилади.

Ҳаракат хавфсизлиги ва қутқарув ишларини ҳамкорликсиз амалга ошириш қийин. Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “ Ўзгидромет” бошқармаси, Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ва бошқа мутасадди идораларнинг ходимлари фаол иштирок этмоқдалар.
“Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармасининг довондаги қутқарувчи ҳар куни эрта тонгни жисмоний тайёргарликдан бошлаб, касбий, махсус ва жанговар тайёргарлик бўйича ўз маҳоратларини ошириб боради. Транспорт воситаларининг барқарор ҳаракатини таъминлаш, чин маънода аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш ишлари билан кунни тунга, тунни кунга улаб хизматда шай турадилар.
Қутқарувчилар томонидан А – 373 “М-39 Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон орқали Ўш” халқаро автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонида ва “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўлида транспорт воситаларини хавф хатарсиз ҳаракатланишини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганда оқибатларини бартараф этиш ишларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда довон орқали ҳаракатланаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда довон бўйлаб ташкил этилган назорат постларида қутқарувчилар билан бирга ИИБ ЙҲХ хизмати, Соғлиқни сақлаш ва йўлсозлар томонидан кечаю кундуз навбатчилик олиб борилмоқда.
Бугунги кунда “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси хизматчиларининг 50 фоиздан кўпроғини ёш қутқарувчилар ташкил этади.

Бу ерда йилнинг барча фаслида спорт билан шуғулланиш, тоғ шароитида қутқарув ишларини олиб бориш бўйича машғулотлар ўтказиш учун барча имкониятлар бор. “Тоғлик” қутқарувчилар масканида кутубхона ҳам ташкил этилди. Бу қутқарувчилар халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этиб, ўз малакаларини янада оширмоқда.
– Ходимларимиз ўтган йилда 350 дан ортиқ қутқарув жараёнларида қатнашган. Шундан 83 тасида йўл-транспот ҳодисалари ва фавқулодда вазиятлар бўйича чақирувларга чиқиб, халоскорлик ишларини олиб боришди, – дейди “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Бобонов. – Ҳодисаларни бартараф этишда асосан қўмондонлик-штаб ҳамда махсус-тактик машқлар жараёнида орттирилган малака ва чиниқиш қўл келди. Қутқарувчиларимиз ҳамиша фавқулодда вазият ва экстремал шароитларга тушиб қолган одамларга ёрдам кўрсатишга шай. Тоғлар, сув ҳавзалари, “Қамчиқ” довонидаги тезкор вазият ҳамиша бизнинг диққат марказимизда. Бирор фалокат, кор-ҳол рўй бердими, йигитларимиз қутқарув ишларига дарҳол киришади.
Шу ўринда қишнинг қорли кунларида йўловчиларга бошпана бериш, ҳаёт фаолиятини таъминлаш ҳамда фуқаро муҳофазаси тадбирларини ўз вақтида, самарали ташкил этиш борасида Тошкент ва Наманган вилояти ҳокимликлари томонидан тегишли идора, ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкилий тадбирлар кўриб қўйилганлигини таъкидлаш ўринли.
Азамат СУЮНОВ, журналист