Устознинг меҳнати – элнинг эртаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳрида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим соҳасида меҳнат қилаётган педагоглар, фахрий устозлар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди. Маросимда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов сўзга чиқиб, устозларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, устознинг машаққатли ва шарафли меҳнати ёш авлоднинг билим ва дунёқарашини шакллантириш, уларни Ватанга садоқат ва эзгу мақсадлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган педагогларнинг хизматларини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-31700]
Тадбир давомида мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида самарали фаолият юритаётган 9 нафар педагогга “Халқ таълими фидойиси”, 41 нафар устозга эса “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбирида устозларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги меҳнати юксак эътироф этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА