Устозларга юксак эътироф
Янги Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Мамлакатимизда устозларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу эътибор ва ғамхўрлик, аввало, ёш авлод тарбияси ва таълими учун фидокорона меҳнат қилаётган педагогларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити байрами арафасида Бухоро вилоятидан таълим-тарбия жараёнида юқори натижаларга эришган, ўзининг самарали фаолияти билан намуна бўлиб келаётган мактаб директорлари ҳамда илғор педагоглар учун икки кунлик маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди. Унда вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан жами 350 нафар устоз иштирок этмоқда.
Саёҳатдан кўзланган асосий мақсад педагогларни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва янгиланиш жараёнлари билан яқиндан таништириш, шунингдек, уларнинг ёзги таътил олдидан мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминлашдан иборат.
Саёҳатнинг дастлабки манзили қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳри бўлди. Педагоглар юртимизнинг энг муқаддас зиёратгоҳларидан бири саналган Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан танишдилар. Муҳташам мажмуадаги саёҳат иштирокчиларда чуқур таассурот қолдириб, уларнинг маънавий оламини янада бойитишга хизмат қилди. Шундан сўнг делегация мамлакатимиз пойтахти — Тошкент шаҳрига йўл олди. Бу ерда устозлар учун махсус маданий дастур ташкил этилди. Байрамона тадбир иштирокчилар учун ҳақиқий ҳордиқ ва завқ манбаига айланди.
Тадбирда таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган дилтортар куй-қўшиқлар, миллий ва замонавий тароналар, ранг-баранг чиқишлар байрамона муҳитни янада файзли қилди. Устозлар учун ташкил этилган мазкур кеча уларнинг кайфиятини кўтариб, меҳнат фаолияти давомидаги чарчоқларини унуттирди ҳамда янги ўқув йили олдидан куч-ғайрат бағишлади.
[gallery-29703]
Бундай маданий-маърифий саёҳатлар педагогларнинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ва касбий фаолиятига янги руҳ бағишлашда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу каби эътибор ва эътироф устозларга бўлган юксак ҳурматнинг амалий ифодаси сифатида уларни янги марралар ва янада юксак ютуқлар сари илҳомлантиради.
Зариф Комилов, ЎзА