Осон пул иллюзияси: сароб ортидаги фожиа
Инсоният яралибдики, меҳнат ва машаққат унинг улғайиш, камол топиш ва ўзлигини англаш мезони бўлиб келган. Ҳар бир ғиштнинг ўз ўрнига қўйилиши, ҳар бир ниҳолнинг йиллар давомида парвариш қилиниши ҳаётнинг табиий ва гўзал қонуниятидир.
Бироқ ХХI асрнинг шиддатли ва рақамлашган палласига келиб, ушбу азалий қадриятлар ортга чекинаётгандек туюлади. Жамият қон томирларига яширинча кириб бораётган, унинг маънавий ва ижтимоий пойдеворини ич-ичидан кемираётган хавфли иллат — осон пул топиш иллюзияси кун тартибига чиқмоқда. Бу шундай жозибадор, ялтироқ саробки, у ёш кўнгилларни сеҳрлаб, ўз гирдобига тортмоқда, тирик инсонларнинг тақдирини совуқ рақамлар эвазига ютиб юбормоқда.
Смартфон экранидан таралаётган нур бугунги ёшлар учун тунги чироқни эслатади. Ёшлар унга интилиб, оқибатда қанотлари куйиб, ҳалок бўлмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқларда «Ҳеч нима қилмасдан бойиб кетинг», «Биргина тугмани босиб, миллионлар эгасига айланинг» қабилидаги рекламалар айнан ўша кўринмас оловга айланиб улгурди.
Муаммо кўлами расмий рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кибержиноят ва рақамли фирибгарлик ҳолатлари бир неча баробарга кўпайди. Энг ачинарлиси, пластик карталардан пул ўғирлаш ва киберфирибгарлик жиноятларини содир этаётганларнинг қарийб 80-85 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Онлайн қимор ва ставка ўйинларига ружу қўйганлар орасида мактаб ўқувчилари ҳам борлиги ботқоқнинг қанчалик чуқурлигидан далолат беради. Тез ва осон бойиб кетиш хомхаёли ортидан қувган юзлаб, минглаб йигит-қизлар ўз ҳаётларини виртуал таваккалчиликлар — онлайн қимор, турли тикиш ўйинлари ва кибер-пирамидалар билан боғламоқда.
Бу жараёнда энг хавотирли жиҳат шундаки, инсон онги меҳнат тушунчасидан узоқлашади. Пешона тери тўкиб, китоб ўқиб, илм ўрганиб ёки бирор ҳунар эгаси бўлиб чўққига чиқиш йўли уларга ўта узоқ ва машаққатли бўлиб туюлади. Аммо виртуал дунёда тасодифий муваффақият ортида фақат аччиқ ҳақиқат ва бўш ҳамёнлар қолади.
Ушбу виртуал тузоқлар реал ҳаётда шунчаки дастурий код эмас, балким инсоний фожиалар омилига айланмоқда. Тошкентда содир бўлган воқеада 22 ёшли талаба йигит ота-онаси етказган ўқиш шартнома пулини онлайн тикиш ўйинига сарфлаб юборади. Дастлабки алдамчи «омад»дан сўнг, у бор-будидан айрилади. Ютқазилган пулни қайтариш илинжида дўстларидан ва микромолия ташкилотларидан қарз олиб, оқибатда қарз ботқоғи 50 миллион сўмдан ошиб кетгач, мудҳиш йўлни танлайди — ўз жонига қасд қилади.
Яна бир аччиқ мисолда 62 ёшли нафақадаги шифокор онахонга Телеграм орқали гўёки ижтимоий ёрдам ажратилгани ҳақида сохта хабар келади. Содда онахон ҳаволага кириб, карта кодини ёзиши билан унинг йиллар давомида йиғиб қўйган 12 миллион сўм жамғармаси ечиб олинади. Ушбу пулни ўғирлаган шахс эса 19 ёшли талаба бўлиб чиқади.
Халқимизда “Меҳнатсиз келган бойлик — эгасини ейдиган илондир”, деган ҳикмат бор. Осон топилган, ортида ҳеч қандай интеллектуал ёки жисмоний меҳнат ётмаган маблағ инсоннинг руҳиятини жароҳатлайди, ундаги қаноат ва шукроналик туйғуларини емиради. Тасодифан бир марта виртуал ўйинда ғолиб бўлган ёшларда ҳалол меҳнатга нисбатан лоқайдлик пайдо бўлади. Жамиятда ҳалоллик пойдевори қулаб, ўрнини осон ўлжа излаш хислати эгаллайди. Бировнинг дарди ва кўз ёши жиноятчи учун шунчаки экрандаги рақамлар алмашинувига айланиб қолади.
Бундай ижтимоий муаммонинг олдини олиш учун жамият ва давлат даражасида кескин ҳамда тизимли чоралар кўрилиши зарур.
Биринчидан, мактаб ва олийгоҳларда “Рақамли иммунитет ва молиявий саводхонлик” машғулотларини жорий этиш лозим. Ёшларга интернетдан тўғри фойдаланиш, фишинг ҳаволаларни фарқлаш ва кибер-тузоқлардан ҳимояланиш қоидалари ёшлигидан ўргатилиши керак. Пластик карта маълумотларини бегоналарга узатиш — уй калитини ўғрига топшириш билан баробар экани уларнинг онгига сингдирилиши зарур.
Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда қимор ва бошқа салбий ўйинларни тарғиб қилувчи ҳар қандай яширин рекламалар учун жавобгарликни максимал даражада оғирлаштириш зарур. Осон пулни тарғиб қилаётган контент жамоатчилик томонидан қатъий қораланиши шарт.
Учинчидан, ёшларнинг виртуал оламдаги энергиясини бунёдкорликка йўналтириш лозим. Ҳар бир маҳалла ва туманда бепул IT-марказлар, дастурлаш ва киберспортнинг фойдали турлари бўйича тўгараклар кўпайтирилиб, уларга интернет орқали қонуний ва ҳалол меҳнат билан даромад топиш йўллари ўргатилмоғи даркор.
Фарзандга фақат қимматбаҳо смартфон олиб бериш ва моддий эҳтиёжларини қондириш — тарбия дегани эмас. Бола қалбидаги бўшлиқ илм, китобхонлик ва жонли мулоқот билан тўлдирилмаса, бу бўшлиқни интернет ўзининг шафқатсиз қонунлари билан эгаллайди. Осон пул иллюзиясига қарши кураш — фақатгина ҳуқуқ-тартибот органларининг эмас, балки ҳар бир оила, муаллим ва бутун бошли жамиятнинг вазифасидир. Ёшларимизга ҳақиқий муваффақият тасодифлар пойгасида эмас, балки тинимсиз меҳнат, билим ва ҳалоллик ортида эканини уқтиришимиз шарт. Зеро, мустаҳкам ва бахтли ҳаёт фақат ҳалол ва машаққатли меҳнат пойдевори устига барпо этилади.
Жалолиддин Ботиров,
ЎзДСМИ магистранти