Устоз санъаткор Фароғат Раҳматова хотираси ёдга олинди
Улуғ айём кунларида устозларни хотирлаш, уларнинг порлоқ хотираси ва руҳини шод этишга қаратилган савобли ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Халқимизда бетакрор овоз соҳиби бўлган улуғ ижодкорлар кўп. Ана шундай ноёб истеъдод соҳибаларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова эди. У ўзининг ўткир, кучли ва таъсирчан овози, юракларга етиб борадиган бетакрор ижроси билан миллий санъатимиз тарихида ўчмас из қолдирган.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда маданият ва санъат намояндалари, театр ижодкорлари, мухлислар ҳамда устоз санъаткорнинг шогирдлари иштирок этди.
Кечада таъкидланганидек, Фароғат Раҳматова нафақат таниқли актриса, балки мақом йўналишидаги маҳоратли хонанда сифатида ҳам халқ меҳрини қозонган эди. У Муқимий театри равнақига муносиб ҳисса қўшиб, миллий мусиқали театр мактабининг шаклланиши ва тараққиётида алоҳида ўрин эгаллаган санъаткорлардан бири бўлди. Шу билан бирга, кўплаб ёш истеъдодларни тарбиялаб, устозлик анъаналарини муносиб давом эттирди. Устоз санъаткорнинг овозини ноёб, драматик ва юракни ҳаяжонга солувчи нафисликка бой овоз, деб айтиш мумкин. Опа энг юқори, баланд ва авж нотали тароналарни ҳам маҳорат билан ижро этиш орқали тингловчи қалбига етказа олар эдилар.
Фароғат Раҳматова 1926 йил 25 май куни Қарши шаҳрида таваллуд топган. Унинг истеъдоди 1942 йилда Қаршида бўлиб ўтган қурултойда машҳур санъаткорлар Ҳалима Носирова ва Қори Ёқубов томонидан кашф этилган. Кейинчалик ўша давр республика раҳбари Усмон Юсупов тавсияси билан Тошкент вилоятидаги Янгийўл театрига ишга юборилган.
Санъатга бўлган беқиёс меҳри ва ёрқин иқтидори туфайли Фароғат Раҳматова қисқа вақт ичида театр мухлислари эътиборини қозонди. У 27 ёшидаёқ “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлди, кейинчалик эса “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвони билан тақдирланди.
Узоқ йиллар давомида Муқимий номидаги мусиқали театрда самарали фаолият юритган санъаткор кўплаб саҳна асарларида бош қаҳрамонлар образини маҳорат билан гавдалантирди. Жумладан, “Алпомиш”да Барчиной, “Фарҳод ва Ширин”да Ширин, “Тоҳир ва Зуҳра”да Зуҳра, “Муқанна”да Офтобхон образлари орқали томошабинлар қалбидан чуқур жой олди. Шунингдек, “Равшан ва Зулхумор”, “Фарғона тонг отгунча” каби спектакллардаги ижролари ҳам санъат ихлосмандлари томонидан юксак баҳоланган.
Кучли ва бетакрор овоз соҳибаси бўлган Фароғат Раҳматова ўзбек мақом санъати ва мумтоз қўшиқчиликнинг моҳир ижрочиси эди. Унинг “Диёримсан”, “Онажон”, “Дугоҳ”, “Гўзал” каби қўшиқлари халқ орасида кенг машҳур бўлиб, бугун ҳам севиб тингланади.
Фароғат Раҳматова нафақат саҳнада, балки педагогик фаолияти орқали ҳам миллий санъат ривожига улкан ҳисса қўшди. У Маннон Уйғур номидаги Санъат институти — ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида узоқ йиллар давомида мақом хонандалигидан сабоқ бериб, кўплаб ёш истеъдодларни тарбиялади. Ҳатто 80 ёшида ҳам театрда бош маслаҳатчи сифатида фаолият юритиб, ёш санъаткорларга устозлик қилди.
Хотира кечасида Фароғат Раҳматованинг бой ижоди, ибратли ҳаёт йўли ва театр санъатида қолдирган ёрқин изи ҳақида самимий фикрлар билдирилди. Театр ва мусиқа санъати усталари иштирокида тайёрланган бадиий-театрлаштирилган дастур эса йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.
Назокат Усмонова,
ЎзА