Урушнинг ҳар дақиқаси мусибат
81 ёшни қаршилаган Сония Нурмагамбетованинг ҳикоялари эса янада оғриқли. Унинг болалиги уруш олови ичида кечган, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Сайфулла Махматмўминов ҳамда бир гуруҳ партия фаоллари Қарши шаҳридаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олди.
Қарши шаҳрида яшовчи Сония Нурмагамбетова урушнинг бешафқат зуғумини болалигидаёқ ҳис қилишга мажбур бўлган. 81 ёшни қаршилаган Сония Нурмагамбетованинг ҳикоялари эса янада оғриқли. Унинг болалиги уруш олови ичида кечган, десак ҳам муболаға бўлмайди.
– Ўша пайтда биз Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида яшаётган эдик, – дейди у. – Барча оила аъзоларимиз жамулжам, тўкис ва бахтли ҳаёт кечираётгандик. Машъум уруш бошландию ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди. Ўша вақтда мен эндигина икки ёшдан ошган қизалоқ эдим. Шунга қарамай ўқ овозлари, бақир-чақирлар, атрофдаги таҳлика ва саросимани эслайман. Кейинчалик билишимча, биз ўшанда 1941 йилдан 1944 йилга қадар давом этган Ленинград қамалида қолган эканмиз. Хуллас, мурғак бола бўлганимга қарамай, ана шу жанг майдонида омон қолиш учун курашишга мажбур эдим. Ҳар қадамда аскарлар, ўқ овозлари, биз эса ўзимизни гоҳ у ерга, гоҳ бу ерга уриб жон сақлашга ҳаракат қилардик. Ҳафталаб оч қолиб кетган, қаҳратон совуқда юпун кийим билан кўчада жон сақлаган кунларимиз жуда кўп бўлди. Бир куни отам бомба остида қолиб, вафот этганини айтишди. Акам очликка чидай олмай ҳалок бўлди. Тақдир экан, 900 кунлик қамалдан тирик чиққанман. Сўнг мени Ўзбекистонга олиб келишди ва кейингиҳаётим ана шу жаннатмонанд ўлка билан боғланди.
Фахрийларимиз бугунги мураккаб синовлар ҳақида гапирар экан, халқимиз уларни, албатта, енгиб ўтишини ишонч билан таъкидлайди. Фақат аҳил ва ҳамжиҳат бўлишимиз зарурлигини эслатади.