Уруш йилларидаги ҳаёт кўз олдимда гавдаланди...
Бугунги дориломон кунларга эсон-омон етиб келишнинг ўзи катта бахт.
Муносабат
Бугунги дориломон кунларга эсон-омон етиб келишнинг ўзи катта бахт. Бу йилги байрам эса ҳаётимдаги унутилмас кун десам хато бўлмайди. Дастлаб давлат раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғини очилишини ойнаи жаҳон орқали ўғил-қизларим, невараларим билан томоша қилдим.
Боғдаги Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати акс этган манзарани кўриб уруш йилларидаги ҳаёт кўз олдимда гавдаланди.
У ерда қисқа муддатда жуда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганлигига хам гувоҳ бўлдим. Боғда барпо этилган ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида Ғалаба боғи, “Шон-шараф” музейи, “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументлари мени ўша мудҳиш уруш йилларидаги воқеалар сари етаклади.
Энг қувонарлиси вилоят раҳбарининг хонадонимда бўлиб, байрам билан табриклагани. Давлат раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттириб менинг кўксимга Президентимиз номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медалини тақиб қўйгани бўлди. Чунки, кўпдан бери давом этиб келаётган пандемия сабаб бу йилги байрам ўтмаса керак, деб ўйлагандим.
Хурсандчилигимнинг яна бир исботи давлат раҳбарининг биз уруш қатнашчиларига табригини видеоалоқа орқали йўлланганлигидадир. Хаёлимда худди давлат раҳбари бизни олдимизда туриб бизни табриклаяпти.
Карантин шароити бўлса-да барча зарур чоралар кўрилиб, мана шундай чиройли байрам тадбири уюштирилганидан бошимиз кўкка етди.
Бундай тинч ва фаровон турмушни, юртимиз озодлиги ва ободлигини кўриш кўплаб қуролдошларга насиб этмади. Яратганга беҳисоб шукр, эл-юрт ардоғида шундай табаррук ёшга етиш бахти насиб этди. Дориломон кунларга етганимга шукур қиламан.
Ҳабиб Валиев,
Иккинчи жаҳон уруши фахрийси,
Бухоро шаҳри