Уруш фахрийси ҳолидан хабар олинди
Йиллар ўтгани сари Иккинчи жаҳон урушидан омон қайтиб келганларнинг сафи тобора камайиб бормоқда.
Ватан учун жонини тикканларнинг хотирасини ёд этиш, биз билан ёнма-ён яшаётган фахрийларни йўқлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Республикамизнинг барча ҳудудларида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, эҳтиром кўрсатилмоқда.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров ва университет жамоаси Чилонзор туманидаги Катта Қазиробод маҳалласида истиқомат қилаётган уруш фахрийси, 97 ёшли Чингиз ота Залялютдинов хонадонига борди.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз сабабчилари, матонат, мардлик ва жасорат тимсоли бўлган ушбу табаррук инсонни университет ректори байрам билан самимий қутлади.
97 ёшга киришига қарамай ҳали бардам, фикри тиниқ, ўтмиш воқеаларини яхши эслайдиган Чингиз ота Залялютдинов уруш йилларидаги воқеалардан айтиб берди ва бугунги тинч, осойишта замоннинг қадрига етиш зарурлигини таъкидлади.
Уруш фахрийсининг хонадонида университет мусиқа таълими факультети талабалари ҳамда ҳарбий талабалар ижросида янграган тантанали куйлар, ёшлар вакилларининг самимий қутловлари, Ватан ва тинчликни улуғловчи шеърлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
– Кўрсатилаётган ғамхўрликдан бениҳоя хурсандмиз. Халқимизни, Президентимизни ҳар куни дуо қиламиз. Ҳеч қачон уруш бўлмасин, тинчликнинг қадрига етайлик, – дейди Чингиз ота.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА