Уруғлик пахта майдонлари: амалиёт ва самара
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Ғиждувон супер элита уруғчилик” хўжалигида уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича республика кўргазмали ўқув семинари бўлиб ўтди.
Унда қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиқлари ва ходимлари, қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш, уруғчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказларининг раҳбар-ходимлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларининг қишлоқ хўжалиги бошқарма бошлиқлари, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси ҳудудий раҳбарлари, уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ва ҳудудий ИТС раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг станция ва участка бошлиқлари, уруғлик пахта етиштирувчи субъектлар ва элита уруғчилик хўжаликлари мутахассислари қатнашди.
Тадбирда 2023 йил ҳосили учун уруғлик пахта хомашёсини жамғариш мақсадида уруғлик ғўза майдонларига холисона баҳо бериш ҳамда апробация тадбирларини сифатли ўтказиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар кенг муҳокама қилинди. Мавжуд вазият “Ғиждувон супер элита уруғчилик” МЧЖ дала майдонларидаги пахта парвариши мисолида тушунтирилди.

Ўқув семинарининг асосий қисмида Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев сўзга чиқди. 2022 йил уруғлик пахта майдонларида ўтказиладиган дала апробация ишларини сифатли амалга ошириш масалалари хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, жорий йил 7 июлда Давлатимиз раҳбарининг “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Президентимиз ҳузурида Пахтачилик Кенгаши ташкил этилди. Қарорда пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчиликни, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажми ва даромадни ошириш мақсадида Пахтачилик кенгашига вазифалар белгилаб берилган.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудларни юқори авлодли уруғликлар етиштиришга ихтисослаштириш тизими жорий этилди. Мазкур ҳужжат ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифларига асосан ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, пахтачилик йўналишида 119 та туман, 390 та ҳудудлардан танлаб олинган 3 минг 172 та субъектларнинг 100 минг гектар ғўза майдонлари уруғлик пахта етиштиришга ихтисослаштирилди.
Ҳудудларда ўтказилган танловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарорининг 1-иловаси Оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига асосан амалга оширилди.

Семинарда дала шароитида гўза навдорлигини аниқлаш бўйича апробация ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари, уруғлик пахта майдонларида дала апробациясини норматив-ҳуқуқий хужжатлар талаблари асосида ўтказилишини назорат қилиб бориш, соғлом уруғлик фондини яратишда ўсимликларни химоя қилиш соҳаси олим ва мутахассисларининг асосий вазифалари, элита уруғчилик хўжаликларига юқори навдорликка эга бўлган ғўза навларининг оригинал уруғлик материалларини етказиб берилишида институт ва нав муаллифларининг олиб бораётган ишлари ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, яратилаётган ва истиқболли ғўза навларини давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синов ўтказиш тартиби, уруғлик майдонларида апробация кўрикларини ўтказиш, навга хос бўлмаган ғўза тупларидан тозалаш, ҳосилни териб олиш тартиби ва яроқсиз деб топилган майдонлардан уруғлик пахта теришга йўл қўймаслик ҳақида айтиб ўтилди.
Семинарда “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари, Уруғчиликни ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси ҳамда қатор соҳага алоқадор ташкилотлар томонидан ташкил этилган апробация гуруҳлари эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Ғўза уруғчилиги хўжаликларида ғўза агротехникаси бўйича олиб борилаётган ишлар, апробациянинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Уруғлик пахта майдонига эга фермер хўжалик раҳбарларига апробацияни сифатли ўтказиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА