Уруғчиликни ривожлантиришда янги қадам
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори ижроси доирасида Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Наманган, Уйчи, Учқўрғон ва Чуст туманларида элита уруғчилик хўжаликлари ташкил этилди. Ушбу хўжаликларда пахта, ғалла, сабзавот, полиз, дуккакли-дон ва ем-хашак экинлари уруғчилигини йўлга қўйиш учун уларнинг ҳар бирига 100 гектардан ер майдони ажратилди.
Бугунги кунда хўжаликлар экин майдонларида пахтанинг Андижон-35, С-6524, Наманган-34, истиқболли С-8295, буғдойнинг Давр, Алеексевич, Антонино, Гром, Безостая-100, Гурт, Веха ва Первица навларини етиштириш йўлга қўйилган. Шу билан бирга беда, соя, маккажўхори, кунгабоқар, пиёз, ерёнғоқ, тарвуз, қовун, сабзи, картошка, арпа ва шолининг юқори авлодли маҳаллий уруғликлари етиштирилмоқда.
Биргина ўтган йили хўжаликлар томонидан 921,5 тонна пахта, 824,4 тонна буғдой, 27,1 тонна арпа, 8,0 тонна мош, 2,4 тонна соя, 5 тонна шоли ва бошқа сабзавот ва полиз экинлари уруғлари етказиб берилди.
[gallery-3883]
Дарвоқе, Мингбулоқдаги элита уруғчилик хўжалигида уруғликларни тозалаш, саралаш ва қадоқлаш цехи қуриб битказилди. Цехга ўрнатилган янги технологиялар ёрдамида уруғликларнинг сифати кескин ўзгаради ва уларда нав аралашмалари, бегона ўт уруғлари бўлмайди. Шунингдек, нафақат вилоятда, балки республикада биринчи бўлиб “Мингбулоқ элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖ қошида “Uzbek seeds” миллий бренди остида маҳаллий шароитда етиштирилган уруғликлар билан савдо қилувчи дўкон ташкил этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА