Қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда
Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими томонидан кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими томонидан кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Коронавирус пандемияси туфайли маълум муддат иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида иш юритаётган хўжалик субъектлари фаолиятида бир оз сусайиш сезилиб қолган эди. Давлатимиз раҳбарининг видеомурожаатидан сўнг амалга оширилаётган ишлар янада жонланди, кўлами кенгаймоқда.

Хусусан, бугунги карантин шароитида Қўрғонтепа тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ҳамкорликда тумандаги режага киритилган кўп қаватли уйларда таъмирлаш, реконструкция ишлари қизғин олиб борилмоқда.
– Айни кунда мутахассисларимиз Юксалиш маҳалласи ўрамида жойлашган 1- кўп қаватли уйда таъмирлаш ишларини олиб бормоқда, – дейди Қўрғонтепа туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Шохруҳ Қурбонов. – Иш жараёнида карантин ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартибларга қатъий амал қилинмоқда.

Обод ва кўркам қиёфа касб этаётган кўп қаватли уйларнинг зина, олд фасад қисмлари таъмирланиб, кўркам қиёфага келтирилмоқда. Бундан ташқари, уйнинг олди қисми ободонлаштирилиб, тандирхона, болалар ўйингоҳи, ҳожатхона барпо этилмоқда. Шунингдек, уйларнинг электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ таъминотини янада яхшилаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бораётган қурувчилар ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалар билан таъминланмоқда. Туман санитария-эпидемология осойишталик бўлими ходимлари томонидан қурилиш олиб борилаётган ҳудуд ҳамда фойдаланилаётган жиҳоз ва асбоб-ускуналар доимий дезинфекция қилиб борилмоқда.