Урганчда шоколад ичидаги “гашиш”, Янгиқўрғонда эса 423 туп каннабис аниқланди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Хоразм вилоятининг Урганч туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2000 й.т., муқаддам судланган шахс Россия Федерациясидан такси орқали юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида тўхтатилиб текширилди.
Натижада мазкур жўнатма ичида 10 дона шоколад пакетларига қадоқланган жами 967 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгиқўрғон туманида яшовчи 1988 й.т. шахс ўзига тегишли ер майдонида 423 туп каннабис ўсимлигини келгусида сотиш мақсадида етиштириб келаётганлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштирилди.
Ҳозирда иккала фуқарога нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА