Ҳарбий таълимда сифат ва самарадорлик ҳар қачонгидан-да муҳим
Мамлакатимизда ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш, бўлажак офицерларнинг касбий тайёргарлигини ошириш ҳамда таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ҳарбий педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида республика миқёсидаги илмий анжуман бўлиб ўтди.
“Ҳарбий таълим муассасаларида ўқитиш методикалари: жорий ҳолат, муаммолар, ечимлар ва истиқболлар” мавзусидаги тадбир ҳарбий таълим муассасаларида машғулотларни ташкил этиш ва ўтказиш методикасини такомиллаштириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқишга қаратилди.
Қуролли кучлари Ҳарбий педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази бошлиғи, полковник Ботиржон Аҳмаджонов сўзга чиқиб, ҳарбий таълим тизимида ўқув жараёнини замон талаблари асосида ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий ўқитиш усулларидан фойдаланиш, назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Муҳокамалар давомида ўқув машғулотларини ташкил этиш, назарий ва амалий тайёргарликни уйғунлаштириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қуролли кучлар Ҳарбий педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази катта ўқитувчи-доценти, подполковник Улуғбек Шамсиддинов “Ҳарбий таълим муассасаларида машғулотларни ўтказиш методикасида учрайдиган муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида маърузасида: – машғулотларни самарали режалаштириш, ўқув жараёнини тўғри ташкил этиш, мавжуд методик камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳар қачонгиданда муҳим, – деди.
Тадбирда фаол иштирок этганлар муносиб тақдирланди.
– Бундай илмий-амалий тадбирлар профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашиш, илғор методик ёндашувларни оммалаштириш ва таълим жараёнидаги мавжуд муаммоларни биргаликда таҳлил қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади, – деди Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Қуруқликдаги қўшинлар институти катта ўқитувчиси подполковник Мурод Қосимов. – Энг муҳими, билдирилган фикр ва таклифлар ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини такомиллаштириш ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашда муҳимдир.
Анжуманда маърузачиларнинг илмий изланишлари, долзарб масалалар юзасидан билдирган фикрлари ва семинар ишига қўшган ҳиссаси эътироф этилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА