Урганчда кураш бўйича Осиё кубоги ғолиблари аниқланди
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган кураш бўйича ўсмирлар ўртасидаги V Осиё кубоги мусобақалари якунланди.
10 дан ортиқ давлатнинг 200 нафарга яқин ёш полвонлари иштирок этган мазкур нуфузли турнир ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилди. Мусобақа доирасида спортчилар ва мураббийлар Хива шаҳридаги Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилиб, «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги тарихий обидалар билан танишди.

15-16 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилган беллашувларда ҳамюртларимиз билан бир қаторда Афғонистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон терма жамоалари вакиллари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақа якунларига кўра, қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида ўзбекистонлик Муслима Абдуқодирова ва Дилнура Эркинбоева, тожикистонлик Фотима Исанбаева ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди.

Ўғил болалар ўртасида кечган шиддатли беллашувларда ҳамюртларимиздан Иброҳимжон Азадов, Меҳриддин Абдурасулов, Шоҳмурод Шомуродов ва Алибек Дурдиев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шунингдек, туркманистонлик Билбил Мергенов ҳам ўз вазнида тенгсиз деб топилди. Кумуш ва бронза медаллари Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Афғонистон вакилларига насиб этди.
Жамоавий ҳисобда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Осиё кубоги соҳибига айланди. Кейинги ўринларни Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон жамоалари банд этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА