УрДУ Хитойнинг йирик саноат компанияси ва етакчи университети билан қўшма таълим дастурини йўлга қўйди
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ҳамда Хитойнинг "XCMG" компанияси ва "Xuzhou" технологиялар университети ҳамкорлигида қўшма таълим дастурига старт берилди.
Айни кунларда Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган
Урганч давлат университети делегациясига бошчилик қилаётган олий ўқув юрти ректори Феруза Мадраҳимова “Xuzhou” технологиялар университети партия бош котиби Лиу Янг билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Урганч давлат университети, “Xuzhou” технологиялар университети ҳамда “XCMG” корхонаси ҳамкорлигида йўлга қўйилган 2+1+1 қўшма таълим дастури доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, дастур асосида таҳсил олаётган талабалар сафини кенгайтириш, уларни ишлаб чиқариш жараёнларига янада кенг жалб этиш ҳамда дуал таълим имкониятларини ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур учрашув доирасида Урганч давлат университети ректори Феруза Мадраҳимовага Хитой Халқ Республикаси “Xuzhou” технологиялар университетининг фахрий профессори унвони тақдим этилди.

Шунингдек, иккита олий ўқув юрти ва йирик саноат компанияси гуруҳлари ўртасидаги қўшма ҳамкорликнинг тантанали очилиш маросими Ўзбекистонлик талабаларни кутиб олиш тадбирини ҳам ўз ичига олди.

Маросимда томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, ёшларни замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали мутахассислар этиб тайёрлаш ҳамда халқаро қўшма таълим дастурларини кенгайтириш истиқболлари алоҳида таъкидланди.

“Xuzhou” технологиялар университетида механика муҳандислиги бўйича қўшма таълим асосида Урганч давлат университетининг 20 нафарга яқин талабалари таҳсил олишни бошлади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири