Атом энергетикаси учун янги авлод кадрлари тайёрланади
Жиззахда атом энергетикаси соҳаси учун юқори малакали муҳандислар тайёрлашга қаратилган халқаро таълим ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда. Жиззах политехника институти (ЖизПИ) ва "Москва муҳандислик физикаси институти(ММФИ)"нинг Миллий тадқиқот ядро университети ўртасида энергетика муҳандислиги йўналишида “2+2” қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ЖизПИда атом энергетикаси соҳасида муҳандислик мактабини ташкил этиш ва етакчи хорижий таълим муассасаси билан қўшма дастурларни жорий қилиш юзасидан берган топшириқлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда.


Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил 13 октябрь куни ЖизПИ ректори Алишер Усмонкулов “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалига ташриф буюриб, университетнинг биринчи проректори Олег Нагорнов билан музокаралар ўтказди. Учрашувда Курчатов институти директори ўринбосари Виктор Егоричев ҳамда Тошкент филиали директори Шавкат Абдукамилов ҳам иштирок этди.


Мулоқот давомида делегация филиалнинг ўқув ва илмий лабораториялари, моддий-техник базаси билан танишди. Томонлар муҳандислик таълими сифатини ошириш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Якунда энергетика муҳандислиги бўйича “2+2” модели асосидаги қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш тўғрисидаги ҳамкорлик шартномаси имзоланди.


Ушбу модель талабаларга таълимнинг муайян қисмини бир олий таълим муассасасида, қолган қисмини эса ҳамкор университетда ўзлаштириш имконини беради. Бу эса назарий билимларни чуқурлаштириш, замонавий лабораторияларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва халқаро тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш учун замин яратади.


Энергетика тизимининг келажаги замонавий технологияларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган ва мураккаб муҳандислик вазифаларини ҳал эта оладиган мутахассисларга боғлиқ. Шу маънода, ЖизПИ ва “ММФИ” ўртасидаги келишув Президент топшириқларини амалий натижага айлантириш, миллий кадрлар салоҳиятини юксалтириш ҳамда мамлакат энергетика тармоғи учун янги авлод муҳандисларини тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири