Президент ташаббуслари минтақада хавфсизликни таъминлашга қаратилган
Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида дастлаб Президентимизнинг 5–6 ноябрь кунлари Остона шаҳрида «Ақаба жараёни» доирасида Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг учрашувидаги иштироки ва унда илгари сурган ташаббусларининг аҳамиятига тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, саммит доирасида халқаро ва минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ янги таҳдидларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект имкониятларидан инсон манфаатлари йўлида фойдаланиш, унинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган «Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт» ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистонда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очиш, Ислом цивилизацияси маркази негизида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини йўлга қўйиш таклифлари ҳам минтақада хавфсизликни таъминлаш, ёшлар орасида маърифатни кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Йиғилишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унда суд-ҳуқуқ тизимидаги айрим ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлар учун ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Жумладан, тўловга қобилиятсизлик жараёнида суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақ миқдорини камайтириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ушбу жараёнларнинг ҳуқуқий тартибини аниқлаштириш кўзда тутилган.
Мазкур ўзгартишлар, айниқса, молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг кредиторлари манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, фуқароларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш, ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА