Университетда хорижлик талабалар таълим олмоқда
Айни пайтда Навоий давлат университетининг тиббиёт йўналишида 500 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 100 нафарга яқинини хорижликлар ташкил этади.
Халқаро ҳамкорлик борасида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида жорий ўқув йилида Миср, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Непал давлатларидан университетнинг тиббиёт йўналишига 100 га яқин хорижий талабалар қабул қилинди. Шунингдек, ўнга яқин чет эллик профессор-ўқитувчилар университетда ўз фаолиятларини олиб бормоқда.

Университет ректори Муҳиддин Калонов хорижлик талаба ва профессор-ўқитувчилар билан учрашув ўтказди. Учрашув чоғида таълим сифатини янада ошириш ва самарадорлигини такомиллаштириш, илмий фаолиятни ривожлантириш, талабаларнинг касбий малака ва кўникмаларини замонавий билимлар билан мунтазам бойитиб бориш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Талабалар шахсий ташаббускорликка чорланиб, замонавий илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш ва чуқур ўзлаштириш бугунги кун талаби эканлиги таъкидланди.

– Сир эмас, мамлакатимиз тиббиётида ҳали очилмаган қирралар жуда кўп, – деди учрашувда М.Калонов. – Ибн Синони тиббиёт отаси, ватандошимиз деймиз. Лекин ривожланган давлатлар бобокалонларимиз меросларини биздан аввал ўзлаштириб олди. Ҳозирги кунда хориждан кўп нарсаларни ўрганишимизга тўғри келяпти. Аммо бугунги рақамли трансформациялар даврида илм олиш учун чегара ва чеклов йўқ. Биз сизлар учун қулай шароит ва зарур муҳитни яратишга тайёрмиз.

Очиқ ва самимий мулоқотлар давомида хорижлик талабалар таълимни айнан Навоий давлат университетида давом эттираётганлигидан мамнунликларини, энг муҳими, тинч ва осойишта заминда хотиржам илм олаётганликларини, қолаверса, ўқув жараёнларидан қониқиш ҳосил қилаётганликларини билдиришди.

Айни пайтда университетда хорижлик талабалар учун ўқув-амалий жараёнлар, турар жой, ошхона, тиббий хизмат ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратилган.
А.Бўриев, ЎзА