Университетда халқаро сана нишонланди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан ҳар йили 11 октябрда “Халқаро қизлар куни” нишонлаб келинади.
Наманган шаҳридаги "University of Business and Science" – Бизнес ва илм-фан университетида сана муносабати билан “Қизлар – миллат таянчи” шиори остида байрамона тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилояти кенгаши, Наманган шаҳар ҳокимлиги, шаҳар оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида уюштирилган ушбу тадбир қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг таълим олиши, ҳар томонлама камол топиши ҳамда ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун яратилаётган имкониятларни кенг тарғиб қилишга қаратилди.


Даставвал, Наманган шаҳар ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилором Абдураҳимова иштирокчиларни халқаро сана билан қутлаб, мамлакатимизда қизлар камоли ва бахти йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар, юксак эътибор ва қулай имкониятлар натижада опа-сингилларимиз турли соҳаларда салмоқли ютуқларга эришаётганлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, халқаро қизлар куни жамоатчилик эътиборини қизлар дуч келадиган муаммоларни ҳал қилишга қаратиши билан янада аҳамиятлидир. Дунё бўйлаб қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни кенгроқ ўрганиш тавсия этилади. Қолаверса, қизларнинг камситилиши бўйича оғриқли муаммолар тилга олинади.

ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, дунё бўйича мактаб ёшидаги 31 миллион қиз таълим олмайди, 17 миллион қиз эса умуман мактабга боролмайди. Қизларнинг таълим олиши учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, уларнинг аксарияти фуқаролик урушлари, камбағаллик туфайли бунга қийинчилик билан эришмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳар йили 10 фоиз қиз қўпол муносабат ортидан ҳалок бўлади ва яна шунчаси жисмоний ва жинсий зўравонлик жабрдийдасига айланади. Шу сабаб, жаҳондаги ҳар уч нафар қиздан биттаси эри ёки шериги томонидан руҳий, жисмоний ёхуд жинсий зўравонликка дуч келади.

Тадбирда қизларнинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, келажакда етук мутахассислар ва ташаббускор етакчилар бўлиб камол топишида таълим-тарбиянинг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Шунингдек, қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда тенг имкониятларни таъминлаш муҳим вазифалардан бири экани айтиб ўтилди.
Тадбир давомида иштирокчилар қизларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши ва шахсий ривожланиши учун соғлом ҳамда ижобий муҳит яратиш ҳар бир оила ва жамиятнинг муҳим бурчи эканлиги эътироф этилди.

Бинобарин, бугун таълимли, билимли ва ташаббускор қизларга яратилаётган имкониятлар эртанги тараққий этган, фаровон ва барқарор жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Маълумот ўрнида, мазкур хусусий олийгоҳда иқтидорли қизларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. "UBS" университетида айни шу мақсадга хизмат қилувчи турли тўгараклар ташкил этилиб, қизларга касб-ҳунар ўргатилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.