Тўй-маросим ва маъракаларни ихчамлаштириш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Матбуот хизмати ҳамда “Маҳалла медиа” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида маҳаллаларда тўй-маросим ва маъракаларни ихчамлаштириш ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, оила, жамият ва маҳалла масъулияти масалалари юзасидан матбуот анжумани ва медиа-тур ташкил этилди.
Анжуманда тўй-маросим ва маъракаларни миллий қадриятларимизга мос, ихчам ва мазмунли тарзда ўтказиш, оилаларни ортиқча харажатлар ва қарздорликдан асраш, аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, бу борада “маҳалла еттилиги”нинг ўрни ва масъулияти, фуқаролар билан манзилли ишлаш, ёш оилалар ҳамда турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналарига тушунтириш ишларини олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, тўй ва маросимларни ихчамлаштириш фақат харажатларни камайтириш билангина чекланмайди. Бу, аввало, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ёшларни ортиқча моддий мажбуриятлардан ҳимоя қилиш, миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг асл мазмунини асраб-авайлашга хизмат қилади. Хусусан, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг ўзаро ҳамкорлиги орқали оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва зарур тавсиялар бериш муҳимлиги қайд этилди.
[gallery-32279]
Тўй ва маросимларни ихчамлаштиришда “маҳалла еттилиги” аъзоларининг вазифаси, аввало, фуқаролар билан очиқ мулоқот олиб бориш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда оилаларга тўй ва маросимларни имкониятларидан келиб чиқиб ташкил этиш бўйича тавсиялар беришдан иборат. Бунда аҳолининг розилиги ва фаол иштирокига таянган ҳолда, миллий урф-одатларимизга ҳурматни сақлаш, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик муҳим ўрин тутади.
— Жойларда тўй ва маросимларни миллий қадриятларимизга мос, ихчам ва мазмунли тарзда ташкил этиш нафақат “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг, балки барчамизнинг вазифамиз бўлиши керак, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Турсинбай Абдижаббаров. — Бу эса оилаларни ортиқча харажатлар ва қарздорликдан асрашга, аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Анжуман якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА