Университетда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан эълон қилинган ойлик доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, сиёсий партиялар ва бир қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар олий таълим муассасаси фаолияти, коррупцияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар, одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Бугунги кунда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети юртимиз кончилик соҳаси учун малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи олий ўқув юртларидан биридир.
1963 йилда Тошкент политехника институтининг кечки ўқув маслаҳат пункти сифатида фаолият бошлаган олий ўқув юртига 2022 йил 31 мартдаги “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорига асосан университет мақоми берилди. Ҳозир университетда 9 мингдан зиёд талабага 300 нафарга яқин педагог таълим беради.
Университетда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 2021 йилда “Комплаенс-назорат” тизими жорий этилган. “Комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан университет ички хусусиятлари инобатга олиниб, 16 та ички меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилган.
[gallery-14933]
– Университетда барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича мажбурият ҳам киритилган, – дейди бўлим бошлиғи Аҳмад Сафаров. – Янги ишга қабул қилинаётганлар ва фаолият олиб бораётган барча ходимлар, профессор-ўқитувчилар “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Одоб-ахлоқ кодекси, Ички тартиб-қоидалар, ўз лавозим йўриқномаларига қатъий риоя қилиши, коррупцион ҳолатларни юзага келтирмасликлари тўғрисида огоҳлантирилган. Ўқув жараёнида “Hemis” тизими, Илмий фаолиятда – “Антиплагиат” дастури орқали магистрлик ва докторлик диссертацияларнинг текширилиши, давлат олий таълим муассасаларида ўқитишнинг “кредит-модул” тизимига ўтиши натижасида журнал ва рейтинг дафтарчалари бевосита электрон шаклга ўтказилиши, молиявий бошқарув ва статистикада “UzASBO” дастурий мажмуасидан масофадан туриб фойдаланилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан университетда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўқиш жараёнида, жорий, оралиқ ва якуний назорат, магистрлик диссертацияси, якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий иши топшираётган талабалар (гуруҳ сардорлари) билан профилактик суҳбатлар ўтказилади. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар коррупция ҳолатлари билан тўқнаш келганлиги бўйича туну кун хабар қилиш имкониятини берувчи телеграмм ижтимоий тармоғида расмий бот – “@NDKTU_REKTOR_BOT” фаолияти йўлга қўйилди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида меморандум имзоланиб, Коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган танловлар ғолиблари тақдирланди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари