Университет ва мактаб ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Геология фанлари университети томонидан Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманлари халқ таълими бўлимлари тасарруфидаги умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ўтказилган олимпиада ғолибларини тақдирлаш ҳамда ўқув йили давомида математика фани ўқитувчилари учун ўтказилган 36 соатли методик семинарда фаол иштирок этган ўқитувчиларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ёшларни етук салоҳиятли, маънан миллий руҳда тарбиялаш, халқаро таълим стандартлари даражасида таълим олишига замин яратиш, бугунги тезкор ҳаётга ҳамоҳанг ўстириш устувор вазифаларидан саналади.
[gallery-7320]
Маълумки, халқ таълими тизимида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга оид муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш, фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим мактаблари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳамкорлик доирасида, университет томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида университет профессор-ўқитувчилари томонидан юқори синф ўқувчилари учун мастер-класслар, саёҳатлар, математика фанидан олимпиадалар ташкил қилинмоқда.
Шу билан бирга, умумтаълим мактабларининг математика фани ўқитувчилари учун 36 соатли методик семинарлар ташкил этилиб, университетнинг малакали доцентлари томонидан тавсиялар ва математиканинг замонавий методикалари бўйича дарслар бериб борилди. Унда 200 дан зиёд ўқитувчи ўзининг методик ишланмаси билан иштирок этди. Ушбу ишланмалар муҳокама этилиб, амалиётга жорий этилди.
Бугунги тадбирда юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган математика фани олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчилар тақдирланди ҳамда методик семинарларда фаол иштирок этган 80 га яқин ўқитувчига сертификатлар топширилди.
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),ЎзА