Университет битирувчиларининг бандлиги эътиборда
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган олий ўқув юрти талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи бор талабаларнинг бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан этиб белгиланган эди.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам ушбу вазифани бажариш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
– 2023/2024 ўқув йилида университетнинг 19 та таълим йўналиши кундузги шаклини 1309 нафар бакалавр, 4 та мутахассислик бўйича 5 нафар магистр битирди, – дейди Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори Худойназар Юнусов. – Тўрт нафар битирувчимиз имтиёзли диплом олди.
Битирувчилар ҳақида тўлиқ маълумотлар вазирлик орқали ҳудудий бошқармаларга етказилган ва бу ҳам уларнинг бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 27 апрель куни университетда битирувчиларнинг ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш масаласида очиқ мулоқот ҳамда “Карьера куни” ўтказилганди.
Мазкур тадбир давомида 658 нафар талаба ишлаш истагини билдириб, 380 нафар талаба ишга жойлашиш учун йўлланма олганди.
Яна бир гап, университетда талабаларнинг малакавий амалиётини барқарор фаолият кўрсатаётган йирик корхона, ташкилот, кластерларда, хорижий давлатларининг илғор компанияларида ўташ йўлга қўйилган. Бу борада 60 дан ортиқ йирик компания, кластер ва корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, шу йилнинг ўзида 1500 нафар талабанинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
2018 йилда Беларусь Республикасининг Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланган эди. Ана шу келишув асосида учта таълим йўналишида қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда.
Бу йил 11 нафар илк қалдирғочларимиз қўш дипломга эга бўлди. Шунингдек, Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети билан чорвачилик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашнинг инновацион технологиялари номли бакалавр йўналиши ҳамда озиқ-овқат таълими, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг инновацион технологиялари ва сертификатлаш номли магистр мутахассисликлари бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк магистр талабамиз икки дипломга эга бўлди. Ҳозир 2 нафар магистримиз ўқишини давом эттирмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири