Умр шодасидан бир дона ўтди...
Инсон ҳаётида ўтаётган куннинг аҳамияти эришилган ютуқлари билан белгиланса, Ватан ва халқ тақдирида йиллар муҳим роль ўйнайди.
Йилнинг охирги фасли интиҳоси яқинлашиб, ўн икки ой бамисоли саф тортган аскарлардай ўтиб, ёшимизга ёш қўшилиши баъзан юракларни орзиқтирса, гоҳо атрофга муносабатимиз улғаяётгани кўнгилга ҳам, ўй-ҳаёлларимизга ҳам бироз виқор, катталарга хос мулоҳазакорлик бағишлаётганини англагандек бўламиз.
Умрнинг янги саҳифаси очилишига яқин қолганда, сарҳисоблик ҳаёл қатларини ҳар қаёққа учириб, олис-олис хотираларни қувалаб етолмаётган туйғулар манзили томон бошлайди. Халқимизда тугаётган йилда ўз фаолиятларини танқидий ва ижобий нақтаи-назардан таҳлил қилиш, эришилган муваффақиятлар ва камчиликларни ўрганиш, бу борада мақсадли режалар тузиб, келгуси йил учун мустаҳкам пойдевор тайёрлаш яхши анъанага айланган.
Вақт... Бу кичкинагина номнинг ҳаммани ўзига жалб қиладиган катта ва кўп маънолардан иборат тарафлари бор. Ахир бобожонимнинг қўлларига асов тутган, бувижонимнинг белларини буккан, ота-онамнинг тим қора сочларига қиров қўндирган ҳам аслида шу вақт эмасми?! Бизни гоҳида кулдириб шодлантирган, баъзида юракларга айрилиқлар солиб куйдирган ҳам вақтнинг ўзику!
Вақтнинг айтар сўзини тушунишга идрокимиз ожизлик қилмаса эди, ҳаётда “армон” отлиқ туйғу бўлмасди, назаримда. Ҳаётимиздаги ҳурсандчилик кунларимиз тез ва сокин, қайғулик кунларимиз эса узоқ ва оғир ўтаётгандек гўё. Аслида, ундай эмас, инсонга шундай туюлади, холос.
Шоир айтганидек:
Бахту саодатга тўла ойларим,
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа.
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим,
Йиллардек кўринди менинг кўзимга.
Ҳа, ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кетгувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Эҳтимол, мана шу кунлар бизга фурсат ғанимат эканини эслатмоқчи бўлар... Шундай экан, Вақтимиз қадрини тўғри тушуниб, унинг нури билан иш олиб боришимиз энг тўғри танловдир.
Якунига етаётган 2024 – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш” йилида юртимиз ҳаётида улкан ютуқлар қўлга киритилиб, халқимиз янада бирлашди, аҳил ҳамжиҳат халқ эканини жаҳон узра яна бир бор намоён этди.
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Юртимизда ёшлар қатлами билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, юксак ишонч билан мамлакатимизнииг эртанги равнақини таъминловчи катта куч сифатида қараляпти. Зотан, ботаётган қуёшга қараб эртанги кун қандай бўлишини англаб бўлгани каби, келажак авлодлар қиёфаси ҳам бизда кўринади.
Кайковуснинг “Қобуснома” асарида баркамол шахс камолоти ҳақида тўлиқ тушунчалар келтириб ўтилган. Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги кузатилаётган ҳозирги шароитда тарбия насиҳатдан эмас, намунадан иборат бўлиши замирида ҳам, халқимизнинг катта сабр-бардоши, меҳрга тўла юраги, иссиқ тафти, қайноқ қўлларининг ҳарорати сезилиб туради.
Гарчи ўзбек давлатчилиги янги қиёфада намоён бўлиб улгурган бўлса-да, йиллар давомида орттирган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб турибди: Юртбошимизнинг – Ўзбекистонни Янги Ўзбекистонга айлантириш жараёнини, аввало, халқ билан бевосита “яқин” ҳолда ижтимоий бирлик муҳитини яратиб, жамиятни бирлаштиришдек оқилона сиёсатлари сабаб миллатимизга янгича кўтаринкилик бағишлаш билан бир қаторда, сиёсий ҳокимият легитимлигига путур етишини ҳам олди олинди.
Эришилган марраларимизнинг омиллари ҳақида гапирганда, мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган режаларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби танқидий кўриб чиқилиб, амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди. Ўз-ўзидан аёнки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – аҳоли бандлигини таъминловчи, долзарб ижтимоий вазифаларни ҳал этишда муҳим соҳага айланди.
Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ҳамкорликни янги даражага кўтаришга интилиши, чегаралардаги қардош халқларни бир-биридан ажратиб турган “ёпиқ парда”ларнинг кўтарилиши ислоҳотларнинг амалиёт билан жиддий боғлиқлигини кўрсатади.
Аввало таъкидлаш керакки, Марказий Осиё Республикалари ўртасида тортилган чегаралар ўта мураккаб бўлиб, бу омил қўшнилар билан ўзаро носоғлом муҳит келиб чиқиши учун ниҳоятда хатарли “порох бочкаси” ҳисобланар эди. Бир неча бор ташқи кучлар мана шу омилдан фойдаланишга уринганлари эсимизда. Давлат раҳбаримизнинг дона ташаббуслари билан бу масалага якуний нуқта қўйилди. Қабул қилинган қатъий қарорлар натижасида, Марказий Осиёда янгича геосиёсий иқлим юзага келди, бу эса ўз-ўзидан жаҳон иқтисодий интеграциясига йўл очадиган минтақавий бозор шаклланишидан дарак беради.
Гап шундаки, Ўзбекистон бошлаган иқтисодий ислоҳотлар бугун барча етакчи давлатлар биз билан дўстлашишни, хорижий инвесторлар учун улкан география, иқтисодий салоҳият, барқарор тараққиётга эга Ўзбекистонга улкан сармояларини жалб этишга тайёрлигини ифода этишмоқда.
Йилдан-йилга эътибор ниҳоятда юксалиб бораётган бизнес соҳасига назар солсак, “сиёсат билан шуғулланган сиёсий лидер ўзини, иқтисод билан шуғулланган сиёсий лидер мамлакатини дунёларга машҳур қилар экан”, деган хулосага келишимиз мумкин. Бунинг негизида миллат етакчисидан мисли кўрилмаган жасорат, ғайрат-шижоат, катта тажриба ва кескинлик билан амалга оширилган тараққиётнинг янги стратегияси доирасидаги ислоҳотлар туради.
Ватанимиз, халқимиз, муқаддас тупроғимиз гуллаб-яшнашини ўзига хос жиҳатларидан бири, буюк қадриятларимиз билан боғлиқ. Шу ўринда, қудратли бобокалонимиз Амир Темурнинг муносиб издошлари бўлган “Яхшилар яратган боғ – Ўзбекистон” тараққиёти учун холис хизмат қилган Шароф Рашидов, мустақиллигимиз тамал тошини қўйган Ислом Каримовнинг шонли анъаналарини, бугунги кунда нуфузи қарийб 40 миллион халқимиз билан бирга буюк ўтмишдан – буюк келажак сари ишонч билан бораётган ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Бугунги кунда Ўзбекистонни катта қурилиш майдонига қиёслай оламиз, бу нафақат, қурилиш соҳасига, ҳеч муболағасиз барча соҳаларга тегишли. Бўлаётган ўзгаришлар, фуқаролар, айниқса, ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар келгусида қудратли тўлқинга айланиб, инсон қадри улуғ бўлган диёримизда меҳнатимиз заҳмати туфайли эртамиз бугунгидан яхши ва нурафшон, онгу тафаккуримизни юксалтиришга олиб келишидан дарак беради.
Инсон ҳаётда қоқиниб-суриниб, тойиб-тайрилиб ўзи учун ҳақ йўлни, жамиятда ўрнини топади. Ҳар биримизнинг босиб ўтган серқирра ҳаёт йўлимиз катта бир китоб, уни шунчаки варақлаб бўлмайди. Ҳар саҳифа, ҳар қаторга эътибор берилса, мислсиз маънолар топиш мумкин. Унга қандай сўз айтсангиз, акс-садо бўлиб ўзингизга қайтади. Баъзан чуқур хўрсиниқ ила “Ҳаёт экан-да”, деймиз. Аслида шу сўз билан маҳзун кунларга йўл очамиз. Ташвишларимизга кўмилиб кетган чоғимиз, ҳаётни худди дарвиш ортқилаган оғир қопга ўхшатамиз. Қоп оғир, аммо бойлиги борлиги боис ундан воз кечиб кетолмайди...
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Демак, замон билан ҳамнафас равишда бизда ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият ва имкониятлар мавжуд деб билиб, доимий изланиш, қўйилган мақсаддан ортга тисарилмаслик, қийинчиликларгина одамзотнинг дўсти экани, машаққатгина инсонни тоблаши, ақлли қилиши мумкинлиги, ҳар қандай шароитда ҳам яшаш йўсинига эга бўлиб, ҳаётга ишонч билан позитив қараш билан яшашимиз талаб этилади.
Давлатимиз раҳбари келгуси йилни юртимизда “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиш таклифларида халқимизнинг тақдири уйғун ётганлигини кўришимиз мумкин. “Табиатни асраш – инсонни асраш” деган фикрда чуқур маъно мужассам. Бир сўз билан айтганда, одамлар тилидаги, дилидаги ташвишини ўз дарди деб билиш, халқимизнинг олиб борилаётган одилона ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш истаги кучайиб, маънавияти, мафкураси, Ватанга бўлган муҳаббатлари юксалмоқда. Бу шубҳасиз, давлатчилик марказида инсон қадр-қиммати барча нарсадан устувор эканлигидан далолат.
Асосий қонунимиз ҳам айнан инсон омилидан куч олиб, демократия, очиқлик ва адолат принциплари асосида тирик организм каби халқ ҳаётининг ажралмас бўлагига айланди.
Иқлими мўътадил она юртимизнинг ҳар бир қарич ери азиз ва кўзга тўтиё, яшаб турган ҳудудимизни, ер ва сув ресурсларини асрашимиз, кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари бугун биз табиатга меҳр ва эътиборли бўлишимизга боғлиқ. Мамлакатимизда атрофга файз бериб турган манзарали дарахтлар яшилликка бурканган янги яшил ҳудудлар барпо этилишига туртки бериши билан бирга, экологик барқарорликка эришиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазаси, балки, иқтисодий ўсиш ҳамда ижтимоий тараққиёт учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади.
Ҳар бир мамлакат тараққиётининг ўз йўли ва йўналиши бор. Бу борада, юртимизда биргина иқтисодий ислоҳотлар истиқболига назар ташланса, Ўзбекистон нафақат ўзини, балки бутун минтақанинг иқтисодий марказига айланиш йўлидан бормоқда. Хориж тажрибаси билан таққослайдиган бўлсак, Европа иқтисодиётида генератор вазифасини Германия, Шарқий Осиёда эса Япония, Марказий Осиёда шу миссия Ўзбекистон зиммасида.
Демак, Ўзбекистон Марказий Осиёни бирлаштириш имкониятга эга минтақа ядросини ташкил этган мамлакат ҳисобланади.
Юқори демография, тараққий топган инфратузилма, улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятли йирик геосиёсий кучлардан “буфер” давлатлар билан ҳимояланган, узоқни кўрадиган сиёсий лидер бошчилигида иқтисодий жозибадорликни ўзида намоён этган аниқ йўлдан бормоқда.
Инсон улғайган сари маънан покизаликка кўпроқ эҳтиёж сезиши табиий ҳолдир. Мансаб, мартаба, машҳурлик, соҳта обрў ортидан қувиш ва шу каби устунликларга эришишга мойиллик ўрнини аста-секин мулойимлик, яхшилик, тўғрилик ва ҳалоллик эгаллай бошлайди.
Мана, умримиз китобининг яна бир саҳифаси ўқилди, гўё. Вақт қушдек, ҳаёт тушдек қанчалик тез ўтмасин, эски ва янги йил ораси узоқдек туюлаверади. Чунки, у менинг, сизнинг, бизнинг болалигимизга ўхшайди-да. Кеча қаҳратон қишнинг изғиринини писанд этмай, совуқ кунларнинг қайноқ меҳрига ташна бола эдик, бугун ҳаммамиз аллақачон ҳаёт ҳукмига бош эгган инсонлармиз.
Мусаффо осмонимиздан қўлларимизга учиб тушган оппоқ қор парчалари билан ҳаёлан юрак сирларимизни очиб диллашсак-да, у эса беқарор, кўнглимизни жимгина тинглайди-да, кафтимизда аста эриб кетади.
Янги 2025 йилга оз фурсат қолди. Эришилган улуғвор натижалар давомийлигини янги йилда ҳам ягона халқ, ягона миллат бўлиб, бор билим ва ақл-заковатимиз билан бир сафда – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлайлик.
Умримизнинг янги саҳифалари ютуқларга бой бўлсин!
Мадина Зуфарова,
“RENESSANS” таълим университети талабаси