Уммонда Ўзбекистоннинг тоғ-кон соҳасидаги инвестициявий салоҳияти тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Уммон Султонлигига ташрифи доирасида тоғ-кон саноати ва геология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Мулоқотларда инвестициявий шерикликни ривожлантириш, геология-қидирув ишларини амалга ошириш, истиқболли майдонларни ўзлаштириш ва янги лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида делегация Уммоннинг “Minerals Development Oman” (MDO) компанияси вакиллари билан учрашди. Томонлар Ўзбекистондаги истиқболли ҳудудларда геология-қидирув ишларини ташкил этиш, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва ушбу йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Шунингдек, “Tasnim Group” компанияси билан муҳим минераллар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини биргаликда олиб бориш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувлар Уммоннинг давлат ташкилотлари ва хусусий сектор вакиллари билан ҳам давом этган. Уларда Ўзбекистоннинг тоғ-кон соҳасидаги инвестиция имкониятлари, соҳага илғор технологияларни жалб қилиш, геология-қидирув ишларини ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотлар давомида томонлар тоғ-кон саноати ва геология соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция ва замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича алоқаларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА