Онлайн харидда истеъмолчининг ҳуқуқи қанчалик ҳимояланган?
Бугун товарни дўконма-дўкон юриб эмас, телефоннинг бир неча тугмасини босиб харид қилиш мумкин. Аммо онлайн буюртма қилинган товар кутилганидек чиқмаса, пул қайтарилмаса ёки етказиб беришда муаммо юзага келса, истеъмолчининг ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинади?
Рақобат қўмитаси томонидан электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш ҳолати ўрганилиб, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари таҳлил қилинди.
2026 йилнинг ўтган даврида Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига чакана савдо, электрон тижорат ҳамда умумий овқатланиш соҳалари бўйича жами 6 минг 414 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 230 таси, яъни 19,2 фоизи электрон тижорат соҳасига тўғри келган.
Шу ўринда, мурожаат қилган истеъмолчининг ҳуқуқи амалда тикланяптими, деган савол туғилади. Қайд этилишича, келиб тушган мурожаатларнинг 704 таси, яъни 57,2 фоизи истеъмолчи фойдасига ҳал қилиниб, ҳуқуқлари тўлиқ тикланган. 453 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 33 таси эса тегишлилигига кўра бошқа ваколатли органларга йўналтирилган.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми йирик электрон савдо платформалари ва муддатли тўлов хизматларига тўғри келган. Жумладан, Uzum Market бўйича 446 та, Uzum Nasiya бўйича 184 та, Alif Shop бўйича 92 та, Ishonch дўконлар тармоғи бўйича 69 та, Yandex хизматлари бўйича 63 та мурожаат қайд этилган.
Мурожаатларни таҳлил қилиш электрон тижоратда тизимли ечим талаб қиладиган бир қатор масалалар борлигини кўрсатди. Хусусан, электрон тижорат иштирокчиларини идентификация қилиш ва ахборот шаффофлигини таъминлаш, электрон шартномалар ва муддатли тўлов тизимини такомиллаштириш, товарларни етказиб бериш ҳамда маблағларни қайтариш механизмларини яхшилаш шулар жумласидандир.
Қўмита мурожаатларни фақат алоҳида ҳолатлар бўйича кўриб чиқиш билан чекланмаяпти. Келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиш орқали соҳадаги тизимли муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА