Умиддан имконият сари
“Эл-юрт умиди” — иқтидорли ёшлар учун дунё таълимига очилган йўл. Бугун дунёда мамлакатнинг рақобатбардошлиги, аввало, унинг табиий бойликлари ёки иқтисодий қудрати билан эмас, билимли, замонавий фикрлайдиган ва юксак салоҳиятли кадрлари билан белгиланмоқда. Илм-фан, инновация ва технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир даврда ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва халқаро тажрибага эга мутахассислар сифатида шаклланиши учун шароит яратиш стратегик вазифага айланди.
Шу маънода, Президент ташаббуси билан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижда таълим олиши ва касбий салоҳиятини оширишга қаратилган тизимли ишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ана шу эзгу мақсадларни амалга ошираётган муҳим механизмлардан биридир.
Бухоро вилоятида ўтказилган тарғибот тадбирлари ҳам ана шу имкониятларни ёшларга яқинлаштириш, уларга хорижий таълимнинг кенг эшикларини очиб бериш ва энг муҳими, “мен ҳам қодирман” деган ишончни шакллантиришга қаратилди.
Бухоро педагогика институтида ташкил этилган очиқ мулоқотда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг ёшлари, профессор-ўқитувчилар, иқтидорли талабалар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.


Тадбир доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг фаолияти, хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ имкониятлари, стипендия танловлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда ҳужжат топшириш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу ерда эътиборли жиҳат шундаки, жамғарма фаолияти фақат стипендия бериш билан чекланмайди. У иқтидорни аниқлашдан тортиб, хорижда таълим олиш, касбий кўникмаларни ривожлантириш ва юртга қайтгач, олинган билимларни амалиётга татбиқ этишгача бўлган жараённи қамраб олади. Яъни гап фақат “хорижда ўқиш” ҳақида эмас. Гап мамлакат келажаги учун янги авлод миллий кадрларини тайёрлаш ҳақида кетмоқда.
Президентнинг иқтидорли мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари замирида муҳим бир мақсад мужассам: ёшлар дунёни кўрсин, илғор таълим ва тажрибани ўргансин, замонавий билимларни эгалласин ва энг муҳими — бу салоҳиятни Ватан тараққиётига йўналтирсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ана шу йўналишдаги имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.


Тадбирда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, очиқ стипендия танловлари, танлов босқичлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар тушунтирилди. Шунингдек, мақсадли стажировка дастурлари, тармоқлар кесимидаги имкониятлар, квоталар, устувор хорижий давлатлар ҳамда стажировкадан кейинги фаолият механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, хорижда таълим олган мутахассисларнинг келажакда давлат хизмати ва миллий кадрлар захирасига жалб этилиши учун ҳам механизмлар яратилмоқда. Бу жуда муҳим. Чунки бугун хорижнинг энг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олаётган бир ёшнинг муваффақияти фақат унинг шахсий ютуғи эмас. Унинг ортида мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти, иқтисодий рақобатбардошлиги ва келажакдаги бошқарув сифати турибди.


Бугун дунёнинг илғор давлатлари энг катта сармояни инсон капиталига киритмоқда. Чунки замонавий иқтисодиётда энг қиммат ресурс — табиий бойлик эмас, янги ғоя ярата оладиган инсон. Шу нуқтаи назардан, иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш — харажат эмас, балки мамлакат келажагига қилинган стратегик инвестициядир.
Бухорода ўтказилган “Эл-юрт умиди” тадбирлари ана шу кенг қамровли мақсадларнинг амалий давоми бўлди. Энди вазифа — берилган имкониятдан самарали фойдаланиш.
Бухоронинг ҳар бир тумани, ҳар бир маҳалласида ўз иқтидори билан ажралиб турган ёшлар бор. Улар орасида келажак олимлари, тадбиркорлари, муҳандислари, шифокорлари, педагоглари ва давлат бошқаруви мутахассислари бор. Уларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, билим олиш учун шароит яратиш ва салоҳиятини Ватан равнақига йўналтириш — бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири