”Ultradecor Global” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти кенгайтирилади
"Ultradecor Global" компанияси Тошкент вилоятида йилига 50 минг куб метр ламинацияланган плита ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда IT ва корпоратив хизматлар марказини очиш орқали 100 га яқин янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида халқаро Ultradecor Global компаниялар гуруҳи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда агентлик раҳбарияти, “Ultradecor” компаниялар гуруҳи молия директори Алексей Чухан, шунингдек, “EY” халқаро консалтинг компаниясининг Германия ва Ўзбекистондаги вакиллари иштирок этди.
”Ultradecor Global” дунёнинг 23 та мамлакатида фаолият юритиб, 5 500 нафар ходимни иш билан таъминлаган йирик халқаро компаниялар гуруҳидир. Унинг таркибига ёғоч асосидаги панеллар ишлаб чиқарувчи 7 та корхона, 17 та дистрибуция маркази, шунингдек, резина ва қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган 3 та корхона киради.
Музокаралар давомида компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мамлакатимизда мавжуд 6 та дистрибуция маркази фаолиятини ривожлантириш билан бир қаторда, Тошкент вилоятида йилига 50 минг куб метр ламинацияланган плита ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий мебель ишлаб чиқарувчиларни зарур хомашё ва материаллар билан барқарор таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда саноат тармоқлари ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, компания Ўзбекистонда IT ва корпоратив хизматлар марказини ташкил этишни ҳам режалаштирган. Ушбу ташаббус доирасида 100 га яқин янги иш ўрни яратиш, марказ томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг қарийб 90 фоизини компаниялар гуруҳининг хориждаги корхоналарига экспорт қилиш назарда тутилган. Бу эса мамлакатимизнинг хизматлар экспорти салоҳиятини оширишга ҳам ҳисса қўшиши мумкин.
Учрашувда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилган имкониятлар, жумладан, давлат харидларида иштирок этиш механизмлари ҳам муҳокама қилинди. Агентлик раҳбарияти компания вакилларига Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун белгиланган тартибда “Ўзбекэкспертиза” АЖ орқали маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни расмийлаштириш ҳамда давлат харидлари тизимидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланишни таклиф этди.

Агентлик компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги кооперация алоқаларини йўлга қўйиш борасида ўз ваколатлари доирасида амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, “Ultradecor Global” вакилларига Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган саноат бонд зоналарида иштирок этиш, ушбу ҳудудларда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Музокаралар чоғида “Ultradecor” компаниялар гуруҳи билан боғлиқ “Casa Foundation” жамғармасининг Ўзбекистондаги фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, бу борада тегишли тушунтиришлар берилди. Учрашув якунида томонлар маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ушбу ташаббуслар амалга оширилса, мебель саноати учун зарур материалларни маҳаллийлаштириш, янги иш ўринлари яратиш, хизматлар экспортини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА