Бухоро пахтакорлари мавсум режасини муваффақиятли бажаришди
Бухоро вилояти пахтакорлари жорий мавсумда пахта топшириш бўйича белгиланган режани муваффақиятли бажарди. Бу натижа мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ер эгалари ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий самарасини яна бир бор намоён этди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган деҳқон ва фермерлар учун муносиб шароит яратиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда илғор агротехнологияларни амалиётга кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро пахтакорларининг бу йилги натижалари ҳам ана шу сиёсатнинг жойлардаги амалий ифодасидир.
Жорий йил эрта баҳориданоқ соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, тажрибали фермерлар ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари таклифлари асосида вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос ғўза навлари танланди. 3071 та фермер хўжалиги томонидан 85 минг гектар майдонга чигит экилди. Агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят далаларида “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102” ва “Порлоқ” каби маҳаллий навлар билан бир қаторда, хорижий тажриба асосидаги интенсив пахтачилик технологиялари ҳам кенг қўлланилди. Хусусан, 2025 йилда 21,5 минг гектар майдонда тажриба-синов тариқасида қўлланган Хитойнинг Шинжон-Уйғур ҳудудидаги интенсив пахтачилик тажрибаси жорий мавсумда янада кенгайтирилди. Бу йил 29,8 минг гектарда “Xin LuZao-57” ва “Zhongmian-88” ғўза навлари қўшқатор экиш, плёнкадан фойдаланиш ҳамда томчилатиб суғориш технологиялари асосида парваришланди. Айрим майдонларда гектаридан 70–80 центнергача ҳосил олиш имконияти мазкур ёндашувларнинг маҳаллий шароитда ҳам юқори самара бераётганини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, вилоят пахтакорлари нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки умумий ҳосил ҳажмини сезиларли кўпайтиришга ҳам эришди. 2025 йилда 373 минг тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилган бўлса, жорий мавсумда экин майдонлари ҳажми сақланган ҳолда 442 минг тонна пахта олишга муваффақ бўлинди. Вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик 52,6 центнерни ташкил этмоқда.
Бу рақамлар замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ердан унумли фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил қилиш қандай натижа беришини яққол кўрсатиб турибди.
Пахтачиликда юқори натижаларга эришишда замонавий техника ва механизациянинг ўрни ҳам беқиёс. Жорий терим мавсумида вилоят пахта далаларида “BOSHIRAN”, “FM WORLD”, “JOHN DEERE” каби русумдаги 140 тадан ортиқ юқори унумли пахта териш комбайнларидан фойдаланилди. Улар ёрдамида пахта майдонларининг қарийб 80 фоизидаги ҳосил териб олинди.
Замонавий техникалардан фойдаланиш терим муддатларини қисқартириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва даладаги йўқотишларни камайтириш имконини бермоқда.
Ғўзани парваришлаш даврида зараркунандаларга қарши биологик кураш усулларига ҳам устувор аҳамият қаратилди. Вилоятдаги 27 та биолабораторияда фойдали ҳашаротлар кўпайтирилиб, пахта майдонларида биологик ҳимоя тадбирлари амалга оширилди. Шунингдек, дронлар ва “OVX” ускуналари ёрдамида дефолиация ҳамда десикация ишлари бажарилди.

Бундай замонавий ёндашувлар ғўза кўсакларининг бир маромда очилиши, теримни самарали ташкил этиш, ҳосилни сифатли ва кам нобудгарчилик билан йиғиб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мавсумда бир қатор фермер хўжаликлари ҳам юқори ҳосилдорлик намуналарини кўрсатди. Қоракўл туманидаги “Шарофиддин обод пахтакор”, Қоровулбозор туманидаги “Амир Амон”, Бухоро туманидаги “Самад Чаросхон”, Вобкент туманидаги “Вержилио олтин даласи”, Олот туманидаги “Исломжон Шахинабону” ҳамда Ромитан туманидаги “Козимбобо” фермер хўжаликларида гектаридан 70 центнердан ортиқ ҳосил олинди.
Бу натижалар ортида илғор технология, замонавий техника ва энг муҳими, ерга меҳр билан ёндашиб, ўз касбига сидқидилдан меҳнат қилаётган фермер ва деҳқонларнинг машаққатли меҳнати мужассам. Айни пайтда Бухоро далаларида йиғиб олиниши лозим бўлган ҳосил ҳали анчагина. Пахтакорлар белгиланган режа билан чекланиб қолмасдан, қўшимча 50 минг тонна пахта хомашёсини йиғиб олиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаб келаётганидек, етиштирилган ҳосилни тўлиқ ва нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, унинг сифатини сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига ўз вақтида етказиб бериш ҳам пахтачиликдаги муҳим вазифалардан биридир.
Бухоролик пахтакорларнинг бугунги ютуғи — ерга меҳр, меҳнатга садоқат ва замонавий агротехнологияларнинг уйғунлиги натижасидир.
Меҳнат зафарингиз муборак, бухоролик пахтакорлар! Янги хирмонларингиз янада баракали бўлсин!
Зариф Комилов, ЎзА мухбири