Украинанинг ЕИга қўшилиши яна муҳокамалар марказида (+видео)
Германия канцлери Фридрих Мерц Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласи бўйича кутилмаган фикр билдирди, деб хабар берди Euronews.
Унинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг 2027 йил 1январдан Украинани Европа Иттифоқида кўриш режаси бўлган. Мерцнинг таъкидлашича, бунинг иложи йўқ, ҳатто 2028 йилда ҳам бу амалга ошмайди. Чунки, Европа Иттифоқининг кенгайиши бўйича баҳслар давом этмоқда ва бундан ташқари Украина ҳали ҳам Россия билан уруш ҳолатида.
Мерц шундай деди: бир пайт келиб Украина ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолайди, кейин эса Россия билан тинчлик шартномаси бўлиши мумкин. Шу жараёнда мамлакатнинг айрим ҳудудлари Украина назоратидан чиқиб кетиши эҳтимоли бор. Айни дамда Украина ҳудудининг 20 фоизи Россия ҳарбийлари назорати остида қолмоқда.
Бу фикрлар Кипрда бўлиб ўтган норасмий ЕИ саммитидан кейин айтилди. У ерда Зеленский Украинага тўлиқ аъзолик беришни талаб қилди. У “рамзий аъзолик” ғоясини кескин рад этди ва Украина армияси Европани хавфдан ҳимоя қилаётганини таъкидлади.
Зеленскийнинг айтишича, Украина бошқа давлатлар каби тўлиқ аъзо бўлишни истайди ва бунинг учун аниқ муддат белгиланишини сўрамоқда. У 2027 йил январини эҳтимолий сана сифатида кўрсатган.
Бироқ Россия Украинанинг айрим ҳудудларини беришини талаб қилмоқда ва босиб олинган ерларни ўзиники деб тан олишга ҳаракат қиляпти. Зеленский буни рад этиб, бу халқаро ҳуқуққа зид эканини билдирмоқда.
Европа комиссияси, гарчи Украина позициясини қўллаб-қувватласа-да, аниқ сана белгиламаган. Чунки, Украинада баҳсли ва ечилиши керак бўлган муаммолар бор ва уларни ҳал қилмасдан туриб аъзоликка ўтиш мутлақо мантиқсиз.
Мерц Украинага“кузатувчи” мақомини беришни таклиф қилган. Бу ҳолатда Украина ЕИ ишларида иштирок этади, лекин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бу ғоя аввал ҳеч қачон қўлланилмаган бўлса-да, айримларга маъқул келган ва қўллаб-қувватланган.
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши президенти Антониу Кошта Украина ислоҳотларини мақтади, аммо сунъий муддатлар қўймаслик кераклигини айтди. Уларга кўра, ЕИга аъзо бўлиш — барча давлатлар бир овоздан рози бўлиши керак бўлган сиёсий қарор.
Айни пайтда Венгрия бош вазири Виктор Орбан сайловда ютқазганидан кейин Украина масаласидаги музокаралар олға силжиши мумкин, деб кўпчилик умид қилмоқда. Чунки, Орбан Украина аъзолигига қарши бўлиб келган эди.
Қисқача айтганда,Украина учун ЕИга аъзо бўлиш йўли ҳали узоқ ва мураккаб бўлиб, ечилиши керак бўлган уруш, ҳудудий ва сиёсий масалалар турибди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Og_vBH0-s_4" title="Ukrainaning YEIga qo‘shilishi yana muhokamalar markazida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА