Украинада дон экспорти муаммога айланмоқда
Россиянинг Қора денгиздаги украин портлари ва инфратузилмасига ҳужуми мамлакатдан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортини деярли тўхтатиб қўйди. Бу ҳолат фермерларнинг жорий ва келгуси йил ҳосили учун зарур маблағ тўплаш имкониятини чекламоқда.
Украина буғдой, маккажўхори ва кунгабоқар уруғи етиштириш бўйича дунё миқёсида йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Мазкур экспорт миқдорининг қарийб 90 фоизи Қора денгиз орқали амалга оширилади.
Айни пайт мамлакатда буғдой йиғим-терими авжида. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, август ойининг дастлабки икки ҳафтасида дон экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75 фоиз камайган.
Маълумотга кўра, мамлакат экспорти даромадининг қарийб 60 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳисобига тўғри келади. Шу боис портлар фаолияти издан чиқиши уруш давридаги иқтисодиётга қўшимча босим ўтказмоқда.
Украинада бу йил қарийб 60 миллион тонна дон етиштирилиши кутиляпти. Бу 2025 йилдаги кўрсаткичга яқин. Бинобарин, экспорт имконияти чекланиши фермерлар келаси мавсум учун ёнилғи, иш ҳақи, кузги экиш ишига маблағ ажратишини қийинлаштиряпти.
“Reuters” суҳбатлашган фермерлар ички бозорда дон кўпайиб кетгани сабабли нарх пасайгани, жаҳон бозорида эса аксинча Қора денгиздаги узилиш туфайли дон нархи ошганини билдирган.
Украина порт маъмурияти маълум қилишича, июль ва август ойи бошида Россия Қора денгиздаги порт инфратузилмасига 70 дан ортиқ ҳужум уюштириб, кемаларга 62 марта зарба берган. РФ масъуллари ҳужум қонуний ҳарбий инфратузилма, логистика объектлари ҳамда хорижий қурол ташиётган кемаларга қаратилганини билдирмоқда.
Киев учун муқобил экспорт йўналишларини топиш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Қора денгиз портларининг аввалги қамали даври – 2022 йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари темир йўл ва автомобиль трассалари бўйлаб мамлакатнинг ғарбий чегараси орқали экспорт қилинган. Ҳозир эса Польша билан муносабат ёмонлашуви, Европа Иттифоқи билан савдо тартиби ўзгариши, Дунай дарёси сатҳи пасайиши ва темир йўл инфратузилмасига ҳужум уюштирилиши ортидан муқобил йўналишлар топиш имкони чекланган.
Украина Марказий банки ҳисоб-китобига кўра, портлар қамали йилнинг қолган қисмида мамлакатга валюта тушумини қарийб 2,5 миллиард доллар камайтириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги уюшмаси фермерлар логистика харажати ортиши туфайли қарийб 3 миллиард доллар зарар кўришини тахмин қиляпти.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси низо туфайли 2022 йилдан буён кўрган умумий зарар 90 миллиард доллардан ошган. Фаол кураш, ҳудудлар минадан зарарланиши, ўққа тутилиши, суғориш имкони чекланиши натижасида экин майдонлари қарийб чорак қисмига қисқарган.
Ҳукумат фермерларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит дастурини кенгайтириш, кредит олиш талабини енгиллаштириш ва айланма маблағ учун фоиз миқдорини камайтиришни назарда тутувчи фавқулодда ёрдам чорасини жорий этган.
Мамлакатда дон сақлаш қуввати танқислиги 11 миллион тоннага етиши мумкин. Шу боис ҳукумат ҳамкорларидан фермер хўжаликларида вақтинча сақлаш учун махсус қоп етказиб беришда ёрдам сўраган.
Мутахассислар экспорт йўлларини тезроқ тиклаш ёки муқобил йўналишлар яратиш нафақат иқтисодиёт, балки Украина ғалласига таянадиган Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари учун ҳам муҳимлигини таъкидламоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА