Украина таълим ва илм-фан вазири Самарқандда
Самарқанд давлат университетида ўтказилган Ўзбекистон – Украина форумида иштирок этган Украина таълим ва илм-фан вазири, профессор Сергей Шкарлет бошчилигидаги делегация “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида меҳмон бўлди.
Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Н.Дорошенко ҳамроҳлигида келган меҳмонлар университетда ташкил қилинган дунё халқлари миллий либослар кўргазмаси, таълим жараёнлари, кутубхона ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Шундан сўнг, университет фаоллар залида профессор Сергей Шкарлет университет талабаларига Украина таълим тизими, туризм салоҳияти ҳақида маъруза қилди.
[gallery-4789]
– Биринчи галда она юртимга келганимдан хурсандман, – деди Сергей Шкарлет. – Чунки, мен Ўзбекистонда, Қўқон шаҳрида дунёга келганман. Ўзбекистондаги ўзгаришларни кўриб, лол қолдим, десам муболаға бўлмайди. Бунай кескин суратдаги ривожланиш мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнининг нечоғлик тўғри йўналтирилганлигидан далолат беради. Бевосита фаолиятимга яқин бўлган таълим тизимларидаги ўзгаришлар ҳам таҳсинга сазовор. Умуман, азалдан бу юртнинг илмий салоҳияти юксак эканлиги барчага маълум. Шу боис, биз Ўзбекистон билан таълим, илм-фан йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадидамиз. Делегациямиз таркибида Украинанинг йигирмага яқин олий таълим муассасалари ректорлари, бевосита соҳага тааллуқли мутасаддилар ташриф буюрган. Учрашувларда таълим тизимида ҳамкорликни кучайтириш, талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинувини амалга ошириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида фикр алмашдик.
Учрашув давомида меҳмонлар талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтариб, Украина таълим тизими ҳақида маълумот беришди. Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига қилинган саёҳат меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА