Украина Қуролли кучлари РФ мудофаа чизиғини ёриб ўтди
Украина Қуролли кучлари мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, Россия Федерацияси Курск вилоятига 10 километр ичкари кириб боришга муваффақ бўлди, деб ёзди Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари.
Украина аскарлари вилоятнинг икки туманида олдинга силжиганини Россия Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади.
Курск ҳудудида уч кундан бери жанг давом этяпти. Украин бўлинмалари жойлашуви ҳақидаги маълумотга кўра, Россиянинг камида икки мудофаа чизиғи ёриб ўтилган. Ғарб матбуоти хабарига кўра, бу Украина Қуролли кучларининг уруш бошлангандан бери Россия ҳудудидаги энг йирик ҳужум амалиёти, дея баҳоланмоқда.
Шу воқеадан кейин Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳам уруш оқибатини ҳис қилиши кераклигини айтди.
– Россияга қанча кўп босим ўтказилса, тинчлик шунча яқинлашади, – деган у ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган видео мурожаатида.
6 август куни Украина мингга яқин ҳарбий иштирокида Курск вилоятига ҳужум бошлади. Эртасига минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ҳарбийларнинг ўзи вазиятга изоҳ бермаган, Зеленский эса армияни “ҳайратлантира олиш” ва натижага эришиш қобилиятини алқаган, лекин бевосита Курскни тилга олмаган.
Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк айтишича, ҳар қандай кескинлашувнинг асосий сабаби, жумладан Курскда ҳам, Россиянинг Украинага жазосиз бостириб кириши мумкинлигига ишонадиган аниқ тажовузидир. Айни баёнот Украина юқори мартабали амалдорининг давом этаётган ҳужумни тан олишидир.
Шунингдек, Подоляк пайшанба куни миллий телемарафонда Россия билан бўлажак музокарада ўз позициясини мустаҳкамлаш учун Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига кирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, эҳтимолий музокарага Москва ҳудуди, одамлари ва техникасини йўқотиши ижобий таъсир кўрсатади, Россияга чуқурроқ кириб бориш русларни “қўрқитади” ва уларнинг президент Путинга муносабатини ёмонлаштиради.
РФ блогерлари ёзишича, фронтдаги вазият туфайли Малидан Вагнер хусусий ҳарбий компания (ХҲК)си ёлланма аскарлари Курск вилоятига кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда биринчи бўлиб “З-блоггер”, “Ўн учинчи” номи билан танилган Егор Гузенко хабар берди. У “Вагнер ХҲК жангчилари Россияга қайтмоқда”, деб ёзди. “Блоггер” томонидан тарқатилган видео лавҳада ҳарбий кийимдаги одамлар юк машинасида кетаётгани, улардан бири Курскка олиб кетишаётганини айтгани тасвирланган. Бинобарин, видео қаерда ва қачон олинганини аниқлаш имкони йўқлиги айтилган.
С.Раҳимов, ЎзА
Маълумотлар интернетдан олинди.