Украина ЕИга қачон қўшилади? (+видео)
Европа комиссияси Европа Иттифоқини кенгайтиришнинг янги моделини таклиф этмоқда. Аъзоликка тезлаштирилган тартибда қабул қилиш эмас, балки босқичма-босқич интеграцияни назарда тутадиган айни жараён нимани англатади? DW нашри экспертларнинг шу ҳақдаги фикрини эълон қилди.
Октябрь ойи бошида Европа комиссияси ЕИ аъзолигига номзод давлатлар учун кенгайиш жараёнини янада мослашувчан ва тушунарли қилишга қаратилган қоидага ўзгариш киритилишини эълон қилди. Энг яхши натижага эришаётган давлатларни рағбатлантириш мақсадида Брюссель босқичма-босқич интеграцияни жорий этиш, шунингдек ЕИга қўшилгандан кейин ислоҳотни тўхтатиб қўядиган мамлакатлар учун айрим ҳуқуқларни чеклаш имконини берувчи махсус ҳимоя механизми ишлаб чиқиш назарда тутилган.
ЕК ЕИ институтлари, бозори ва бюджети таркиб кенгайиши янги тўлқинига дош бера олади, деган хулосага келди. Шунга қарамай, Брюссель Украина қишлоқ хўжалигига нисбатан алоҳида механизм қўлламоқчи. Яъни, аграр соҳага молиявий кўмак кўрсатилса-да, маҳсулот ЕИ бозорига киришини чеклаш режалаштирилган.
Тузилмани кенгайтиришга оид янги қоида Киев учун нимани англатади? Украина ЕИга яқинлашадими?
Брюсселда кенгайиш жараёнини қандай тезлаштириш мумкинлиги сўнгги бир йил давомида фаол муҳокама қилинмоқда. Бу мунозарага, аввало, ЕИга аъзолик Киев учун хавфсизлик кафолати сифатида кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабарлар туртки бўлди. Ушбу музокарада АҚШ ҳам фаол иштирок этяпти.
Дастлабки хулосага кўра, Украина қисқа муддатда ЕИга қабул қилиниши, аъзолик учун зарур барча мезонлар бажарилиши эса кейинги босқичга қолдирилиши керак эди. Аъзо давлатлар бу таклиф қўллаб-қувватламади. Кейинроқ Германия Киевга уюшган аъзолик мақоми берилишини таклиф қилди. Оралиқ мақом Украинага Европа институтларида сиёсий вакиллик имконини бериб, овоз бериш ҳуқуқини тақдим этмайди. Афсуски, бу ғоя ҳам Брюсселдаги ёпиқ музокаралар доирасидан ташқарига чиқмади.
ЕИ хавфсизлик масалалари институти катта таҳлилчиси Онжей Дитрих фикрича, кенгайишга оид янги қоида номзод давлатлар аъзо бўлиши истиқболини яқинлаштиради. Фақат, бунинг ўз баҳоси бўлади. Яъни қўшимча шарт ва демократия ҳамда қонун устуворлиги тамойилидан чекиниш ҳолатида қўлланадиган ҳимоя механизми жорий этилади.
Номзод давлатлар учун асосий рағбат ислоҳотни муваффақиятли давом эттириш ва музокара мезонини бажариш эвазига бериладиган имтиёз бўлиши керак. Дитрих таъкидлашича, шу маънода босқичма-босқич интеграция Украина учун муайян афзаллик бўлиши мумкин.
Хуллас, Брюссель Украинага босқичма-босқич интеграция орқали муайян афзаллик таклиф этаётган бўлса-да, Киевнинг аъзолик мақоми охир-оқибат қандай бўлиши борасида жиддий хавотир ҳамон сақланиб қолмоқда.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА