БМТни молиялаштиришда қайси давлатлар етакчи?
Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) олдида глобал миқёсдаги кўплаб долзарб муаммоларни ҳал этиш вазифаси турибди. Гуманитар инқирозларни бартараф этиш, тинчликпарварлик операцияларини амалга ошириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби йўналишлардаги фаолият эса катта молиявий ресурсларни талаб қилади. Ушбу харажатлар давлатларнинг мажбурий ва ихтиёрий бадаллари ҳисобидан қопланади.
БМТ тизимининг молиявий барқарорлигига аъзо давлатлар томонидан ажратиладиган маблағлар муҳим ҳисса қўшади. Ҳукуматларнинг молиявий ажратмалари асосида БМТнинг муайян ташкилотлари, дастурлари ва гуманитар ташаббуслари молиялаштирилади.
БМТ тизими раҳбарларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши (UNCEB) маълумотлари асосида тайёрланган 2025 йилга оид таҳлил давлатларнинг ташкилот тизимига қўшаётган молиявий ҳиссасини кўрсатади. Унга кўра, энг йирик донорлар ўнталигидан еттитасини Европа давлатлари ташкил этади. Германия эса Европа мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди.

Шу билан бирга, Швеция, Норвегия ва Нидерландия каби давлатлар иқтисодиёти анча йирик бўлган айрим мамлакатларга нисбатан ташкилотга кўпроқ маблағ ажратади.
Молиявий ҳиссалар ўртасидаги фарқланиш Осиёнинг йирик давлатлари мисолида ҳам яққол намоён бўлади. Келтирилган маълумотларга кўра, Ҳиндистоннинг БМТ тизимига бадаллари 211 миллион долларни, Хитойники эса 2,7 миллиард долларни ташкил этади. Бу кўрсаткичлар дунёда аҳолиси энг кўп бўлган икки мамлакатнинг халқаро ташкилотни молиялаштиришдаги иштироки ўртасида сезиларли фарқ борлигини кўрсатади.
БМТ бюджети учун ҳар бир давлатнинг мажбурий бадали унинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Бунда ялпи миллий даромад, қарз юки ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад каби омиллар инобатга олинади.
Тинчликпарварлик операцияларини молиялаштиришда эса алоҳида ҳисоб-китоб механизми қўлланилади. Унда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари учун юқорироқ бадал ставкалари назарда тутилган. АҚШ қонунчилиги, одатда, мамлакатнинг тинчликпарварлик операцияларини молиялаштиришдаги улушини умумий харажатларнинг 25 фоизи билан чеклайди. Бироқ, бу чекловлар ЮНИСЕФ ва Жаҳон озиқ-овқат дастури каби тузилмаларга ажратиладиган ихтиёрий маблағларга татбиқ этилмайди.
Вашингтон учун БМТни молиялаштириш нафақат молиявий мажбурият, балки дипломатик таъсирни мустаҳкамлаш, гуманитар мақсадларга эришиш ва халқаро барқарорликни таъминлаш воситаси ҳам ҳисобланади. Кўп томонлама тинчликпарварлик операциялари хавфсизликни таъминлаш харажатларини турли давлатлар ўртасида тақсимлаш имконини ҳам беради.
Шу билан бирга, БМТга қанча маблағ ажратилиши давлатнинг ташкилотдаги сиёсий таъсирини бевосита белгиламайди. БМТ Бош Ассамблеясида ҳар бир аъзо давлат, унинг молиявий ҳиссаси қанча бўлишидан қатъи назар, битта овозга эга.
Демак, БМТни молиялаштиришда иқтисодий имкониятлар муҳим ўрин тутса-да, ташкилотнинг асосий тамойилларидан бири — аъзо давлатларнинг тенг овоз ҳуқуқини сақлаб қолиш.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА,
ЎзА