Уганда Президенти бошқарув муддатини узайтиради
Уганда етакчиси Йовери Мусевени келаси йилги президентлик сайловида ҳам қатнашишини тасдиқлади. Шу тариқа у қарийб 40 йиллик бошқарув муддатини узайтириш учун замин ҳозирлади. "Al-Jazeera" хабар беришича, 80 ёшли сиёсатчи шанба куни кечқурун Миллий қаршилик ҳаракати партиясидан давлат раҳбари лавозимига номзодини қўйиш истагини билдирган.
Беш йиллик фуқаролар урушидан сўнг, 1986 йил ҳокимиятни қўлга киритган Мусевени шундан буён мамлакатни бошқариб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида мамлакат Конституциясига икки марта ўзгариш киритилиб, муддат ва ёш чегаралари олиб ташланган ва етакчининг ваколат даври узайтирилган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Йоверини мухолифатни бостириш орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун хавфсизлик кучлари ва давлат ҳомийлигидан фойдаланишда айблаб келади. Табиийки, сиёсатчи бу айбловларни рад этади.
Мусевени юртини "келгуси беш йил ичида 500 миллиард долларлик иқтисодиётга айлантириш" учун қайта сайланишга интилаётганини билдирди. Ҳукумат маълумотига кўра, мамлакатнинг ҳозирги ялпи ички маҳсулоти 66 миллиард доллардан камроқ.
Угандаликлар январь ойида президент ва парламент аъзолари учун овоз беради.
Давлат раҳбарлиги учун мухолиф, поп мусиқа юлдузига айланган сиёсатчи асл исми Роберт Кьягулани, яъни Боби Уайн ҳам даъвогарлик қилмоқчи. Уайн кенг кўламли фирибгарлик, сайлов бюллетенини тўлдиришда сохталикка йўл қўйиш, хавфсизлик кучлари томонидан таҳдид ўтказиш каби ҳолатлар билан кечгани иддао қилинадиган 2021 йилги сайлов натижасини инкор этган.
У 2018 йил ҳарбий суд томонидан ноқонуний қурол сақлашда айбланган. Кейинчалик бу айблов олиб ташланган.
М.Пирматова, ЎзА