Учрашувлар, таклифлар ва мулоҳазалар
Бухоро давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э.Гадоев, халқ депутатлари вилоят ҳамда Бухоро шаҳар Кенгашлари депутатлари, Кенгаш котибиятлари мутахассислари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар ва қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тарғиб қилинди.

Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, ёшларнинг жамиятдаги фаол иштироки каби муҳим масалалар ҳам муҳокама қилинди. Учрашув давомида Сенат ялпи мажлисида қабул қилинган қонунларнинг жойларда самарали ижросини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишига қаратилган амалий таклифлар ҳам илгари сурилди.

Сенатор ва депутатлар Бухоро шаҳрида жойлашган “Нигора” МЧЖ корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари, маҳсулотлар тури ҳамда уларнинг ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
Айни пайтда корхонада асосан хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Улар учун қулай иш муҳити, замонавий ускуналар ва барқарор даромад манбаи яратилган. Шунингдек, меҳнат унумдорлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Зариф Комилов, ЎзА