Учқудуқлик тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда
Тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларни қийнаётган муаммо ва эътирозлар ўз вақтида ўрганилиб, ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари томонидан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Навоий вилояти Учқудуқ туман Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан “Сайёр қабул” режаси тузилган бўлиб, тасдиқланган график жадвалга асосан тумандаги сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилот, корхоналар раҳбарлари иштирокида тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 37 маротаба “Сайёр қабул” ўтказилиб, унда 410 нафар фуқаро тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқаролар иштирок этди. Улардан 126 та турли мазмундаги мурожаат қабул қилиниб, “business.gov.uz” порталига киритилди ва тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилди.
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қабулхонага 218 та мурожаат келиб тушган ва ижрога олинган, – дейди қабулхона мудири Иномжон Ҳайдаров. – Мурожаатларнинг 189 таси ижобий ҳал қилинди, 38 тасига тушунтиришлар берилди. Тадбиркорлар мурожаатлари Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга юборилиши таъминланди.

Жумладан, “Uchquduq Ismigul Islom" хусусий корхонаси раҳбари Комила Ашурованинг мурожаатидан сўнг, болалар учун хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этиш мақсадида 84 миллион сўм, “Baraka chorva klaster Uchquduq” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фахриддин Мардоновнинг мурожаатидан сўнг йилқичилик билан шуғулланиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 245 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасидаги имтиёзли кредитлар, ер, кадастр, архитектура ва қурилиш, инфратузулма масалалари, солиқ масалалари бўлиб, қабулхона мутасаддилари томонидан барча мурожаатлар ўз вақтида ижобий ҳал этилишига эътибор қаратилмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА