Учқудуқда йўл ва инфратузилма ишлари жадаллашди
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига қулай ва хавфсиз шароит яратиш ҳамда замонавий шаҳарсозлик муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ички йўлларни таъмирлаш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва ободонлаштириш ишлари аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва қурилиш-таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, тумандаги Амир Темур кўчасини замонавий хизматлар марказига айлантириш лойиҳаси доирасида ички йўлларни реконструкция қилиш ҳамда унга туташ инфратузилма объектларини яхшилаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳа Навоий Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмачилиги асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳага кўра, “Учқудуқ – Деҳқон бозори”га олиб борувчи автомобиль йўлини реконструкция қилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофини ободонлаштириш ишлари учун жами 1 миллиард 861,1 миллион сўм маблағ ажратилган.

– Амалга оширилаётган ушбу ишлар ҳудуд аҳолиси учун янада қулай шароит яратиш, транспорт қатновини тартибга солиш ва енгиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси бошлиғи Азиз Хўжамов. – Бугунги кунга қадар объект ҳудудида бетон ва тупроқ ишлари амалга оширилиб, сув қочириш лотоклари ўрнатилди. Шунингдек, лотоклар устига металл қувурлар ҳамда темир-бетон бордюрлар жойлаштирилди. Бундан ташқари, йўлнинг мустаҳкамлиги ва узоқ муддат хизмат қилишини таъминлаш мақсадида қум-шағал аралашмасидан асос қурилди. Ҳозирги кунда асфальт-бетон қопламаси ётқизиш ишлари давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун бетон плиткалардан махсус йўлаклар барпо этилмоқда.

Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишлари Учқудуқ туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан амалга ошириляпти. Лойиҳада 20 дона махсус техника ҳамда 15 нафар ишчи-ходим жалб этилган бўлиб, барча ишлар белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири