Учқўрғон далаларида дронлардан самарали фойдаланилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Учқўрғон туманида пахтачиликда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳисобига ҳосилдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада томчилатиб суғориш, “Шинжон” усули ва дронлардан фойдаланиш яхши самара бермоқда.
Туманда қарийб 7 минг гектар майдонда пахта парваришланмоқда. Унинг 2 минг 300 гектарида “Шинжон” усули асосида 76×10 схемасида қўшқатор экиш ва томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бу сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинларнинг озиқланишини яхшилаш ҳамда ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда пахта майдонларида зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ишларида дронлардан кенг фойдаланилмоқда. Ҳаводан туриб амалга оширилаётган кимёвий ишловлар агротехник тадбирларни қисқа муддатда ва сифатли бажариш, экинларга зарар етказмаслик ҳамда меҳнат ва техника харажатларини камайтириш имконини яратмоқда.
[gallery-30575]
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дрон ёрдамида 30 гектар пахта майдонига икки соат ичида ишлов бериш мумкин. Бу эса вақтни тежаш, ёқилғи сарфини қисқартириш ва зараркунанда ҳамда касалликларга қарши тезкор чора кўришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Замонавий технологияларнинг қўлланилиши қишлоқ хўжалигида ресурслардан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва тармоқнинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАВЛИЕВ (сурат), ЎзА