Учкўприк туманига ҳоким тайинланди
Бугун халқ депутатлари Учкўприк туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди.
Сессияда иштирок этган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров собиқ туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев даврида Учкўприкда саноат ва ишлаб чиқаришда, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда, барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилганлигини таъкидлади ва Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлаган Акмалжон Маҳмудалиевнинг келгуси ишларида зафарлар тилади.
Шундан сўнг вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган Асқаров Аброржон Қамбарович номзоди туман Кенгаши депутатлари томонидан қўллаб-қувватланди ва Аброржон Асқаров Учкўприк тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Аброржон Асқаров 1984 йилда Бувайда туманида туғилган. 2005 йилда Фарғона политехника институтини, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тугатган.
Меҳнат фаолияти давомида Бувайда туманидаги “Нурафшон” кредит уюшмасида, “Микрокредитбанк” очиқ акциядорлик-тижорат банки Фарғона вилояти филиалида турли лавозимларда ишлаган.
Тайинловга қадар Учкўприк тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб бораётган эди.
М.Сулаймонов, ЎзА