“Учар” бош ҳисобчига суд ҳукми ўқилди
Орамизда гарчи мансабдор шахс бўла туриб, ишониб топширилган давлат ва жамият мол-мулкини талон-торож қилишни ўзларига касб қилиб олган айрим кимсалар учраб туради.
Яқинда ана шундай шахслардан бирига жиноят ишлари бўйича Кармана тумани судида ҳукм ўқилди.
Шахобиддин Рахимов (исм фамилияси ўзгартирилган) “Н.Х.А.”да бош ҳисобчи лавозимида ишлаб туриб, ходимларнинг аризасига асосан, аванс шаклида кўчирилиши мумкин бўлган тўловлар тўғрисидаги қоидалардан фойдаланган ҳолда ўзи ва ташкилотнинг бошқа ишчи-ходимларига ўртача ойлик иш ҳақининг бир бараваригача бўлган тўловларни олдиндан ўз манфаати йўлида ишлатиб келган.
Маълум бўлишича, Ш.Рахимов мазкур тўловларни ходимларнинг ойлик маош шахсий варақаларига акс эттирилмаслик ва уларнинг ойлик маоши ҳисобидан камайтирилмаслиги учун жамиятнинг компьютер техникасидаги “1С-8” дастурига кирувчи ҳисобчиларга чекловлар қўйилганини билган ҳолда асоссиз равишда 2020 йил июнь-ноябрь ойлари давомида ўзининг ва яқин қариндошларининг пластик карталарига 165 миллион 220 минг сўм пул маблағларини “Иш ҳақи ҳисобидан тўлов” мазмунида ўтказган ҳамда ташкилотнинг пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб келган.
Суд мажлиси жараёнида судланувчи айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги ва қонунда етказилган зарарлар қоплаган шахсга нисбатан қамоқ билан боғлиқ жазо тайинлаш мумкин эмаслиги нуқтаи-назаридан, давлат бюджети маблағини ўзлаштирган мазкур “учар” ҳисобчига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси ва 3 йил давомида молиявий ишлар билан боғлиқ мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
“Кўза кунда эмас, кунида синади” деган нақл бежиз эмас. Шу боис тўғри юрганнинг омади келади, эгри юрган эса таёқ ейди.
Жаҳонгир Каримов,
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси.
ЎзА