Туркий давлатларнинг ёшлар сиёсатида янги қадам
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги «Ак-Кеме» меҳмонхонасида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг ёшлар ва спорт масалаларига масъул вазирларининг юбилей 10-йиғилиши бўлиб ўтди.
Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев раислигида ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон делегациялари ҳамда ТДТ Бош котиби ўринбосари Нури Гулиев иштирок этди.
Юртимиздан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги делегация иштирок этган тадбирда қўшма ёшлар дастурларини амалга ошириш, ТДТнинг Ёшлар платформасини янада ривожлантириш, шунингдек, 2027-йилда ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ва спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг 2026 йилда Хива шаҳри — туркий дунё ёшлар пойтахти ташаббуси эътироф этилиб, ушбу лойиҳа 2027 йилда Манас шаҳрида (Қирғиз Республикаси) ўтказилиши маълум қилинди. Шунингдек, туркий дунё ёшлари ўртасида экологик билимлар бўйича қўшма дастур ҳамда экстремизм ва радикал мафкурага қарши ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокама қилиниб, томонларнинг таклифлари навбатдаги йиғилишга қадар тақдим этилишига келишиб олинди.

Қайд этилганидек, ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Туркий давлатлар ташкилоти саммитида билдирилган эди. Мазкур йиғилиш туркий давлатлар ўртасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда умумий ташаббусларни амалий натижаларга йўналтиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,ЎзА